Тожикистонда Роғун ГЭСи электр энергияси сотувидан тушган маблағ эвазига «Фойдани тақсимлаш фонди» очилади

UZ.SPUTNIKNEWS.RU САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон Молия вазирлигига Роғун ГЭСи томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси сотувидан тушган маблағ эвазига «Фойдани тақсимлаш фонди» махсус ҳисоб рақамини очиш топширилди. Бу ҳақда ҳукумат қарорига таяниб, «Азия-плюс» нашри хабар берди.

Фонд маблағларидан «Роғун ГЭС»и ОАЖ томонидан имтиёзларни биргаликда тақсимлаш дастури қабул қилинганидан сўнг фойдаланилади.

Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергетика лойиҳасидир. Олтита гидроэлектр станцияси йилига 13,1 миллиард киловатт/соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради. Айни пайтда Роғун ГЭСининг дастлабки икки агрегати паст қувватда ишламоқда. Станциянинг учинчи гидроагрегати жорий йили ишга туширилади. ГЭС қурилишини якунлаш 2031 йил охиригача режалаштирилган.

ℹ️ Тожикистон Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2024 йили Роғун ГЭСи 1,22 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарган, бу мамлакатда шу даврда ишлаб чиқарилган умумий электр энергиясининг қарийб 5,5 фоизини (22 млрд 428 млн кВт*с) ташкил этган.

Станция ҳозирда Тожикистон ҳукумати назорати остидаги «Роғун ГЭС» компанияси томонидан бошқарилади. Қурилиш тўлиқ якунлангач, электр станция республика давлат ишлаб чиқариш қувватларини бошқарувчи “Барки тожик” ОАЖ балансига ўтказилади.

Тожикистон ҳукумати маълумотларига кўра, Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун 40 миллиард сомонийдан ортиқ (тахминан 4 миллиард доллар) маблағ сарфланган, жумладан, ГЭС акцияларини сотиш, евробондлар ва давлат бюджети ҳисобидан. Роғун ГЭСи лойиҳасини якунлаш учун камида 6,4 миллиард доллар керак бўлади, шу боис мамлакат ҳукумати хорижий инвесторларни жалб қила бошлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ