Хорижда ишлаётган Тожикистон фуқаролари бўлажак пенсиясини шакллантириш учун ўз мамлакатида ижтимоий солиқни онлайн тарзда тўлаш имконига эга бўлди. Бу ҳақда Тожикистон ҳукумати қарорида айтилган. Ҳужжат Ҳуқуқий ахборотнинг марказлаштирилган маълумотлар базасида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, меҳнат мигрантлари ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлаш учун солиқ тўловчининг интеграциялашган солиқ ахборот тизимидаги шахсий кабинети ёки «Мени солиғим» мобил иловаси орқали яшаш жойидаги солиқ органларига ариза беришлари мумкин. Тақдим этилган ариза асосида шахс ижтимоий солиқни ихтиёрий тўловчи сифатида онлайн рўйхатдан ўтади ва бепул ижтимоий суғурта рақамини олади.
Меҳнат мигрантлари томонидан ихтиёрий тўланадиган ижтимоий солиқ суммаси ҳар бир календарь ойи учун битта ҳисоб-китоб кўрсатгичини (75 сомони ёки 6,8 АҚШ доллари) ташкил этади. Солиқ фақат банк ўтказмаси орқали тўланади. Меҳнат мигрантларининг пенсияси уларнинг тўловлар йиғиндисидан ҳисобланади.
«Азия-Плюс»нинг аниқлик киритишича, Тожикистонда суғурталанган ишчилар учун ижтимоий солиқ ставкаси бюджет муассасалари учун 1 фоиз, бошқа ташкилотлар учун эса 2 фоиз этиб белгиланган. Мамлакатда ўртача иш ҳақи тахминан 241 долларни ташкил этса, солиқ давлат сектори ходимлари учун 2,4 долларни ва бошқа ташкилотлар ходимлари учун 4,8 долларни ташкил қилади. 2023 йилдаги тадқиқотларга кўра, Россиядаги меҳнат муҳожирлари камида 500 доллар олади. Шунинг учун солиқ тахминан 1,5% ставкада ҳисобланади.
Аввалроқ Тожикистон ҳукумати Россия билан мигрантлар пенсия таъминоти бўйича келишувни ратификация қилган эди. Шундай қилиб, Россияда расмий ишлаётган, Россия Федерацияси пенсия жамғармасига пул ўтказаётган тожикистонлик меҳнат мигрантлари ушбу мамлакатда ҳам пенсия олишлари мумкин.