Қозоғистон байроғини ўзгартириб суратга тушган қизларга нисбатан суд қарори эълон қилинди

Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Атираунинг маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича ихтисослаштирилган суди Қозоғистон байроғини ўзгартириб суратга тушган қизларга нисбатан шов-шувли ишни кўриб чиқди, деб ёзади Tengrinews.kz.

«Суд 2025 йил 23 март куни фуқаролар Н., А. ва вояга етмаган X. Атирау шаҳридаги Муз саройи биносида араб ёзувлари битилган Қозоғистон Республикаси байроғи фонида суратга тушиб, уни ижтимоий тармоқларда тарқатиш орқали майда безорилик содир этганини аниқлади», — дейилади суд матбуот хизмати хабарида.

Қизларнинг айби маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома, фотосурат, рапорт ва ишнинг бошқа материаллари билан тасдиқланади.

Суд уларни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 434-моддаси 1-қисмида (майда безорилик) назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топди, аввалроқ қизлар давлат рамзларини тахқирлаш жиноятини содир этгани ҳақида хабар берилган эди. Фуқаро Н. жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатлар – вояга етмаган шахсни маъмурий ҳуқуқбузарликка жалб этгани ва бир гуруҳ шахслар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир қилгани инобатга олиниб, 15 суткага қамоққа олинди. Ҳуқуқбузар A.га 78 640 тенге (156 доллар) миқдорида жарима солинган.

Бундан ташқари, вояга етмаган Х.нинг қонуний вакилига нисбатан 39 320 тенге (80 долларга яқин) миқдорида маъмурий жарима солинган.

Суд қарори ҳали қонуний кучга кирмаган.

Таъкидлаш жоиз, шов-шувга сабаб бўлган суратда тўрт нафар қиз акс этган, бироқ судда яна бир айбланувчи тақдири ҳақида хабар берилмаган.

Март ойи охирида ижтимоий тармоқларда араб ёзувлари битилган Қозоғистон байроғини ушлаб, ниқобда суратга тушган қизларнинг сурати тарқалди. Байроқдаги ёзув — Аллоҳ ва унинг расули Муҳаммад С.А.В га иймон келтиришга оид калимадир. Худди шундай ёзув Саудия Арабистони расмий байроғида ҳам бор.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ