Тўқаев «барча барчага қарши» тариф жангларида ваҳима учун асос кўрмаган

akorda.kz сайти фотосурати

Глобал иқтисодий бўрон Қозоғистонга таъсир қилади, бироқ ваҳима учун ҳеч қандай асос йўқ. Бу ҳақда республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 10 апрель куни олимлар билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради Оқўрда.

«Кўпчилик экспертларнинг таъкидлашича, дунё сўнгги ўн йилликлардаги энг оғир инқирозлардан бири ёқасида турибди. Ҳаммага қарши бошланган тариф урушлари натижасида ишлаб чиқариш ва савдо занжирлари издан чиқмоқда, бозорлар пасаймоқда, хомашё нархларининг юқори ўзгарувчанлиги кузатилмоқда. Бу муқаррар равишда барча мамлакатларга, шу жумладан Қозоғистонга ҳам таъсир қилади. Гарчи ҳозирда 90 кунга мораторий қабул қилинган бўлса-да, барибир бозор жуда беқарор. Шунинг учун биз ушбу иқтисодий бўроннинг Қозоғистон иқтисодиёти учун оқибатларини бартараф этиш масалаларини ҳал қилиш устида ишламоқдамиз»,дея таъкидлайди давлат раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, ноқулай ташқи омилларга қарамай, Қозоғистон эълон қилинган ривожланиш кун тартибига амал қилишда давом этади. «Барча устувор инфратузилма лойиҳалари ва бошқа режалаштирилган ишлар тўлиқ ҳажмда амалга оширилади», — дея қўшимча қилди Тўқаев.

9 апрель куни у ҳукумат ва ҳокимликларнинг ўсиш суръатлари ва инвестиция оқимининг пасайишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар режаси устида ишлашни зудлик билан якунлашни буюрди. «Ҳозирги шароитда сармоя учун кураш бошланади. Биз бу ерда жуда яхши формада бўлишимиз керак. Биз барча вариантларга тайёр бўлишимиз, прагматик ва ишончли ҳаракат қилишимиз керак», — дейди президент.

Тўқаев тилга олган тарифлар жанги апрель ойи бошида, АҚШ президенти Дональд Трамп 211 мамлакат ва ҳудудларга мавжуд тўловларга қўшимча бўлган савдо божлари жорий этилишини эълон қилган пайтда бошланди. Хитой учун божлар 54 фоизга етди, кейинчалик улар жами 104 фоизга оширилди ва бир кун аввал Трамп Хитой товарларига импорт божлари 125 фоизгача оширилишини маълум қилди, деб хабар беради РБК. Шу билан бирга, Трамп 75 давлат учун янги чораларни 90 кунга кечиктиришга қарор қилган ва бу давлатлар «ҳеч қандай жавоб чораларини кўрмагани»ни тушунтириб, АҚШдан музокаралар ўтказишни сўраган.

Бир кун аввал Қозоғистон Бош вазири ўринбосари ва Миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин АҚШ маъмурияти томонидан жорий қилинган божлар мамлакатнинг тахминан 100 миллион долларлик экспортига таъсир қилганини айтди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ