Хитойнинг Shandong Aipurui Steel Plate компанияси Фарғона вилоятида металлни қайта ишлаш заводи қуришни режалаштирмоқда. Лойиҳа қиймати 120 миллион долларга баҳоланмоқда, деб хабар беради вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Хитой компанияси раҳбари Хан Цзун Бай ўртасида ўтказилган учрашувда завод қурилиши бўйича келишувга эришилган. Мазкур объект Тошлоқ туманидаги «Тараққиёт» саноат зонасида барпо этилиши маълум.
Металлургия заводи қурилиши уч босқичда амалга оширилади. Лойиҳанинг биринчи босқичини ишга тушириш жорий йил октябрь ойида режалаштирилган. ХХР ишбилармонлари фарғоналик мутасаддиларни ишонтиришича, улар бу ерда замонавий ускуналар ўрнатиб, инновацион технологияларни жорий этишади. Корхонада 500 иш ўрни яратилади.
Инвестор нафақат Ўзбекистон бозори учун, балки экспорт учун ҳам қайта ишланган металлдан сифатли ва рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга ваъда бермоқда.
Бозоров лойиҳа бўйича ишлар жадал суръатлар билан давом этаётганини таъкидлади. Бўлажак завод ҳудудида нафақат ишлаб чиқариш қувватлари, балки, бизнес-форумлар ўтказиш учун заллар ҳам яратилади. Шунингдек, ҳоким «Яшил макон» миллий дастурида кўзда тутилган корхона атрофида яшил ҳудуд ташкил этиш режалаштирилганини ҳам маълум қилди.
Ўзбек матбуотининг ёзишича, Shandong корпорацияси Фарғона вилояти ҳокимияти билан ҳамкорлик тажрибасига эга. Жумладан, Хитой компаниясининг турли бўлинмалари томонидан қурилиш материаллари заводини қуриш, шунингдек, пахта териш машиналарини йиғиш, уларга хизмат кўрсатиш ва ўқитиш марказини қуриш ишлари амалга оширилмоқда.