Остонада журналист Лукпан Аҳмедяров ҳибсга олинди – у ёлғон маълумотлар тарқатишда айбланмоқда

Лукпан Аҳмедяров. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Остонада полиция уральсклик журналист Лукпан Аҳмедяровни ҳибсга олган. Бу ҳақда у Instagram (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида жонли эфирда маълум қилди. Журналистнинг фикрича, унинг ҳибсга олиниши Россияга ишлаш баҳонасида жалб қилинган, бироқ кейинчалик Россия Мудофаа вазирлиги билан МҲОда қатнашиш учун шартнома имзолашга мажбурланган қозоғистонликлар ҳақидаги нашри билан боғлиқ.

«Биз суратга олиш ишларида эдик, улар мени ҳибсга олишди. Полиция келиб, мени чақирув қоғозисиз, ҳеч нарсасиз машинага мажбурлаб ўтқазди», — дейди Аҳмедяров. Журналист сўзларига кўра, полиция унга нисбатан қандайдир жиноий иш қўзғатилганини айтган.

«Ҳуқуқий медиа маркази» жамоат ташкилоти адвокати Гулмира Биржанованинг Vlast.kz нашрига айтишича, Ахмедяров Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 274-моддаси 3-қисми (фуқарога, ташкилотга ёки давлатга катта зарар етказган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келишини била туриб ёлғон маълумотларни тарқатганлик) бўйича ҳибсга олинган. «У ҳимояланиш ҳуқуқига эга гувоҳ», — дея қўшимча қилади адвокат.

Остона полиция департаменти, ўз навбатида, иш бўйича шикоятчи Уральск шаҳрида яшовчи аёл эканини таъкидлаган.

9 апрель куни Аҳмедяровнинг Facebookда (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ), шунингдек, унинг YouTubeдаги «Шунчаки журналистика» каналида Россияга ишлаш учун олиб кетилган Ғарбий Қозоғистоннинг қарийб 20 нафар фуқароси гўёки Старий Осколдаги гўшт корхонасига ишлаш учун олиб кетилгани ҳақида маълумот пайдо бўлган. Бироқ, чегарада қозоғистонликларнинг паспортлари олиб қўйилган ва уларга «махсус ҳарбий операцияда қатнашишга оид меҳнат шартномалари» берилган. Бу ҳақда журналистга жабрланганлардан бирининг опаси маълум қилган.

Шу билан бирга Қозоғистоннинг Қозондаги бош консуллиги бу маълумотни рад этади. Консулликнинг аниқлик киритишича, гап Уральскдан Россия Федерациясига ишлаш учун кетган 14 нафар республика фуқароси ҳақида кетмоқда.

«Улар ҳозирда Россиянинг «Сибирь групп» компаниясида ишлаш учун зарур ҳужжатларни тўлдиришмоқда, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтишмоқда. Бу масала дипломатлар назоратида»,дея ишонтирган Бош консуллик.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ