Тожикистонда мигрантлар учун рус тилидан имтиҳон марказлари тармоғини очиш таклиф қилинди

Душанбеда рус тилидан имтиҳон топширишга бўлган навбат. your.tj сайти фотосурати

Тожикистон Меҳнат, миграция ва аҳоли бандлиги вазири ўринбосари Шахноза Нодирий бугун мамлакатда Россия Федерациясига кетиш истагида бўлган фуқаролар учун рус тилидан имтиҳон топшириш учун фақат битта марказ Душанбе шаҳрида жойлашганини маълум қилди. Шу муносабат билан расмий шундай муассасаларни республиканинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам очишни таклиф қилди, деб хабар беради ТАСС.

Вазир ўринбосарининг аниқлик киритишича, Россияда ишлашни режалаштирган тожикистонликлар фақат пойтахтда, Москва кўп тармоқли миграция марказида имтиҳон топширишлари мумкин. Шу сабабли у ерда узун навбатлар мавжуд. Нодирийнинг сўзларига кўра, бундай марказларнинг кўпайиши мигрантлар учун тартибни янада қулайроқ қилади.

Меҳнат вазирлиги вакили ушбу ташаббусни Меҳнат ва бандлик федерал хизмати раҳбари ўринбосари Денис Васильев бошчилигидаги Россия делегацияси билан Тожикистонда бўлиб ўтган музокаралар чоғида илгари сурган.

Ташриф давомида меҳмонлар рус тилидан имтиҳон топшириш бўлими ташкил этиш таклиф қилинаётган Данғара шаҳридаги малака ошириш марказида бўлганлар. Томонлар ўзаро фикр алмашиб, ушбу масалани пухта ишлаб чиққан ҳолда амалга оширишга келишиб олганлар.

Тожикистоннинг Данғара ва Роғун шаҳарларида малака ошириш марказлари бор, май ойида мамлакат пойтахтида яна бир шунга ўхшаш муассаса очилиши режалаштирилган. Шунингдек, Бохтар, Хўжанд ва Восе туманида Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида ташкил этилган мигрантларга хизмат кўрсатиш марказлари фаолият кўрсатмоқда.

Бироқ, мигрантлар рус тили, Россия тарихи ва мамлакат қонунчилиги бўйича имтиҳонларни фақат Душанбе шаҳрида топширишлари мумкин. Республика Меҳнат вазирлиги маълумотларига кўра, ўтган йил август ойидан буён марказга 9 мингдан ортиқ фуқаро мурожаат қилган ва уларнинг 60 фоизга яқини Россияда ишлаш учун рухсатнома олиш учун зарур бўлган сертификатларни олган.

Your.tj нашри навбатлар мавжудлигини тасдиқловчи пойтахт марказидан олинган хабарни чоп этди. Мисол учун, тест синовларига рўйхатдан ўтгандан сўнг, уни топширишни истаганлар тўғридан-тўғри имтиҳонга таклиф қилинмагунга қадар бир неча кун кутишларига тўғри келади. Жараён пуллик — 410 сомони (38 доллар). Журналистларга кўра, Россияда худди шундай хизмат 3800 рубль (45 доллар) туради. Мигрантларга 20 та савол берилади, сертификат олиш учун улардан 13 тасига тўғри жавоб бериш лозим.

Кўпчилик тожикистонликлар жавобларни шунчаки ёд олишларини тан олиб, уйда тест топшириш тинчроқ эканини қўшимча қилишади. Нашр суҳбатдошлари Россия Федерациясида янги келганларга босим кучайганини ва рейдлар ўтказилаётганини билишади. Аммо улар барибир кетишни хоҳлашади, зеро ўз ватанида улар учун барқарор иш йўқ, Россияда эса, аксинча, ишчилар етишмайди. Шу сабабли, имтиҳон иштирокчилари айтишича, маошлар ҳам ошган: агар илгари 50 минг рубль (деярли 600 доллар) маош нормал ҳисобланган бўлса, энди ҳатто малакали қурилиш мутахассисларига ҳам ойига камида 100-150 минг (1200-1800 доллар) ваъда қилинмоқда.

ℹ️ Тожикистон ҳукуматининг расмий статистик маълумотларига кўра, ўтган йил биринчи олти ойида 392 805 нафар фуқаро хорижга ишлаш учун кетган. Уларнинг аксарияти – 386 мингга яқини Россияга кетган. Бироқ, мигрантлар оқими 2023 йил кўрсаткичига нисбатан 15 фоиздан кўпроққа камайган.

Ватанига депортация қилинаётган тожикистонликлар сони ҳам кўпайган. Марказий Осиё мамлакати Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2024 йили 30 мингдан ортиқ тожикистонликлар турли қонунбузарликлар туфайли Россия Федерациясидан чиқариб юборилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ