Бишкекда Қирғизистондаги биринчи IТ- хаб – «Технопарк» очилди. Уни очиш маросимида мамлакат президенти Садир Жапаров иштирок этди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Президентни IТ соҳасини ривожлантириш билан шуғулланувчи Олий технологиялар парки кўмагида қирғизистонлик дастурчилар томонидан яратилган БилимБот роботи давлат тилида кутиб олди. Шунингдек, президентга савдо, иш ва уй-жой қидириш хизматлари, криптовалюта бозорида автоматлаштирилган савдо платформаси тақдим этилди.
«Бугун биз мамлакатимизни янада ривожлантириш учун муҳим пойдевор бўладиган IТ хабни ишга туширмоқдамиз. Бу ерда бир пайтлар республика иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшган завод бўлган. Йиллар ўтди, замонлар ўзгарди ва энди тадбиркорлар ташаббуси ва давлат кўмаги билан бу ерда IТ-бизнес учун замонавий платформа очилмоқда. Янги IТ-хаб барчамиз учун тараққиётнинг янги тимсоли бўлиб қолсин. Сизларни ушбу муҳим воқеа билан табриклайман», — деди Садир Жапаров.
Креатив майдонни қуриш ва жиҳозлашга жами сармоя 2 миллиард сомни (22,87 миллион доллар) ташкил этган. «Технопарк» рақамли инновациялар, технологиялар ва тадбиркорлик марказидир. Иншоот офислар, коворкинг майдонлари, конференция хоналари, подкаст овоз ёзиш студияси ва амфитеатрларни бирлаштиради. Дастурчилар, дизайнерлар, таҳлилчилар ва ахборот технологиялари соҳасидаги бошқа мутахассислар учун барча шароитлар яратилган: мажлислар заллари, кутубхона, овқатланиш ва ўйин майдончалари, дея таъкидлайди президент матбуот хизмати.
Унинг маълумотларига кўра, 14 минг квадрат метр майдонга эга IТ-хаб 1500 та иш ўрнига мўлжалланган. «Кабар» миллий агентлиги бошқа рақамларни келтиради: технопарк 3 мингдан ортиқ иш ўрни билан таъминлайди. Бу ерда 250 та резидент компания, 115 та алоҳида офис ва «open space» форматида 344 та иш макони фаолият юритмоқда.