«Туркманистон» авиакомпанияси 1 майдан бошлаб Россия шаҳарларига парвозларни тиклайди. Бу ҳақда авиаташувчи сайтида хабар берилган.
Йўловчи рейслари Ашхобод-Москва-Ашхобод ва Ашхобод-Қозон-Ашхобод йўналишларида амалга оширилади.
2024 йил охирида Бокудан Грознийга учаётган AZAL («Озарбайжон ҳаво йўллари») самолёти ҳалокатга учрагач, парвозлар тўхтатилган эди. 28 декабрь куни «Туркманистон» авиакомпанияси 30 декабрдан бошлаб бир ойга Ашхобод-Москва йўналиши бўйича мунтазам қатновлар бекор қилинишини эълон қилганди. Кейинчалик бу қарор 2025 йил майигача узайтирилганди.
ТАССнинг аниқлик киритишича, 2023 йил август ойида «Туркманистон» авиакомпанияси Москва ҳаво зонасидаги хавфли вазият туфайли Москвага парвозларни тўхтатган. Туркман авиаташувчиси 2024 йил 2 июндан бошлаб Ашхобод-Қозон-Ашхобод йўналиши бўйича парвозларни бекор қилган.
Ашхободдан Москвага рейслар Россиянинг S7 авиакомпанияси томонидан амалга оширилади.
ℹ️ Embraer 190 лайнери 25 декабрь куни ҳалокатга учраганди. Самолёт Бокудан Грознийга учаётган бўлган, бироқ туман ва дрон ҳужуми туфайли Чеченистон пойтахтига қўна олмагани хабар қилинган. Самолёт Ақтау аэропортидан 3 км узоқликда қулаган. Самолёт бортидаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Улар орасида Озарбайжон, Қозоғистон ва Россия фуқаролари бўлган.