Туркманистонда август ойидан бошлаб оилавий ишлар бўйича судялар иш бошлайди

capitalist.com.br сайти фотосурати

1 августдан Туркманистонда эр-хотин ва бошқа хонадон аъзолари ўртасидаги низолар махсус оилавий ишлар бўйича судялари томонидан кўриб чиқилади. Бу 12 апрель куни мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов томонидан имзоланган ва бир ҳафта ўтиб «Нейтральный Туркменистан» газетасида чоп этилган «Суд тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳририда кўзда тутилган.

Қонуннинг аввалги таҳририда оилавий судялар тоифаси мавжуд эмас эди. Айни пайтда, Turkmen.news хабарига кўра, оилавий низолар судлар томонидан кўрилган умумий ишларнинг қарийб ярмини ташкил қилади.

Оилавий ишлар бўйича судялар заруратга қараб мамлакатнинг йирик шаҳарлари – Ашхобод, Аркадаг, велаят (вилоят марказлари) этрап (туман) судларида ва бошқа этрапларда пайдо бўлади. Уларга қўйиладиган талаблар Олий суд судяларига нисбатан қатъийроқ, деб ёзади Turkmen.news:

👉 30 ёшдан бошлаб;

👉 юридик мутахассислик бўйича камида етти йиллик иш стажига, шу жумладан судя лавозимидаги беш йиллик иш стажига;

👉 Оилага эга бўлиш ва бу соҳада илмий даражага эга бўлиш устувор ҳисобланади.

Оилавий ишлар бўйича судялар Туркманистон Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Президент томонидан тайинланади.

Бундай судяларнинг вазифаси болалар манфаатларини инобатга олган ҳолда томонларни яраштиришга ёрдам беришдир. Айни пайтда, оилани зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақида гапирмасдан туриб, «оилани сақлаб қолиш»га урғу бериш жабрланувчилар аҳволини ёмонлаштириши мумкин, дея таъкидлайди туркман нашри: авваллари судялар ажрашишни талаб қилган аёлларни камситар эди.

Қонунга киритилган бошқа янги нормалар қаторида айбсизлик презумпциясига оид иккита муҳим қоида киритилган:

✅ ҳеч ким ўзининг айбсизлигини исботлашга мажбур эмас;

✅ бартараф этилмайдиган шубҳалар айбланувчи фойдасига талқин қилинади.

Касб нуфузини ошириш учун судялар ва суд ходимларига қўшимча имтиёзлар берилди:

▶️ Коммунал хизматларга 50% чегирма;

▶️ ёрдамчи хўжалик юритиш учун ер участкасини навбатсиз олиш ҳуқуқи;

▶️ фан, ўқитувчилик ва ижод билан шуғулланиш имконияти.

Судяларга мантия ва тўқмоқ берилади, малака тоифасига эга суд ходимлари эса махсус формага эга бўлади.

Қонун 2025 йил 1 августдан кучга киради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ