Машҳур кулолчи, «Риштонлик Паганини» Шарофиддин Юсупов вафот этди

Шарофиддин Юсупов. society.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда 80 ёшга тўлишига олти кун қолганида Риштон кулолчилик мактабининг кўзга кўринган вакили Шарофиддин Юсупов оламдан ўтди. Машҳур устознинг вафоти ҳақида «Ҳунарманд» уюшмаси хабар берди.

Шарофиддин Юсупов 1945 йил 29 апрелда Фарғона вилояти Риштон туманида кулолчилар оиласида туғилган. У болалигидан отаси уста Исомиддин Юсупов (1884-1959) ва бошқа устозларидан ҳунар ўрганган. 1963 йилдан Риштон кулолчилик заводида ишлаган, 1978-1980 йиллари шу ерда бош рассом бўлган.

«Шарофиддин Юсупов риштон кулоллик мактаби анъаналарини ижодий ўзлаштирди ва ривожлантирди, уни янги мужассамотлар, ранглар уйғунлиги, рамзий белгилар ва бошқалар хусусиятлар билан бойитди. У яратган лаган, кўза, коса, шокоса ва бошқалар сопол буюмларида «чорбарг», «бодомгул», «аноргул» ва бошқалар тасвирларни, оқ (сут ранг) заминда яшилмовий, жигаррангбинафша ранг, яшилкўк уйғунлигидаги ранг колоритини қўллаган», — дейилади «Ҳунарманд» уюшмаси хабарида.
Шарофиддин Юсупов. uza.uz сайти фотосурати

Юсупов Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, «Фидокорона хизматлари учун» ва «Эл-юрт хурмати» орденлари соҳиби бўлган. Юсупов асарлари билан республика ва хорижий кўргазмаларда қатнашган. Асарларидан намуналар республика ва хорижий давлатлар музейлари ва шахсий тўпламларда сақланади. Масалан, Қирғизистон санъат музейи, Москвадаги Шарқ халқлари санъати музейи, Санкт-Петербургдаги Этнография музейи, Давлат Эрмитаж музейи, Эстония этнография музейи (Тарту) ва бошқа кўплаб хорижий коллекцияларда. Ўзбек санъатшуносларидан бири Юсуповни «Риштонлик Паганини» деб атаганди.

«Фарғона» таҳририяти марҳум устознинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ