Афғонистон Жамоат ишлари вазирлиги Ҳайратон-Мозори Шариф темир йўл линиясини эксплуатация қилувчи ва унга техник хизмат кўрсатувчи Ўзбекистоннинг «Сўғдиёна Транс» компанияси билан шартномани икки йилга узайтирди. Бу ҳақда Pajhwok.com нашри вазирлик матбуот хизматига таяниб хабар берди.
Афғонистон вазирлиги ходимларининг аниқлик киритишича, янги келишув маҳкама бошлиғи ўринбосари Мавлавий Муҳаммад Исҳоқ Сихибзоданинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида тузилган. Ҳужжатга кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти шўъба корхонаси бўлган «Сўғдиёна Транс» 2025 ва 2026 йиллар давомида темир йўл тармоғи ҳолатини назорат қилади. Шу йилнинг январь ойида мамлакатлар ушбу линия оператори сифатида Ўзбекистон компаниясини қолдиришга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» давлат компанияси қўшни давлат вакиллари билан Ҳайратон участкасида таъмирлаш ишларини узайтириш бўйича шартнома имзолаган. Шу билан бирга, айнан шу компаниянинг Мозори Шариф – Ҳирот йўналиши бўйлаб автомобиль йўли қуриш ҳуқуқини қўлга киритиши эҳтимоли катта.
Томонлар Марказий Осиё мамлакатларини Покистон денгиз портлари билан боғлайдиган Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини алоҳида муҳокама қилдилар. Бу борадаги музокараларда ҳам муваффақиятга эришилган: Ўзбекистон лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш, жумладан, тегишли тадбирларни молиялаштиришни ўз зиммасига олган.
Эслатиб ўтамиз, Трансафғон темир йўли бўйича музокаралар уч томонлама форматда: Покистон вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Дарвоқе, ушбу давлат Ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дар ўзбекистонлик ҳамкасби Бахтиёр Саидов билан телефон орқали гаплашиб, уч давлат яқин орада минтақа учун энг муҳим лойиҳани амалга ошириш бўйича рамка битимини имзолашига умид билдирди. Таъкидланишича, томонлар 2021 йил февралида автомобиль йўлини қуриш бўйича келишиб олишган. Режага кўра, узунлиги 573 километр бўлган йўл қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳанинг тахминий қиймати 4,8 миллиард долларни ташкил этади.
ℹ️ Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлининг умумий узунлиги 75 километрни ташкил қилади. У 2010 йили ўзбекистонлик мутахассислар томонидан қурилган. Қурилишга Осиё тараққиёт банки томонидан ажратилган 129 миллион доллар маблағ сарфланган. Мазкур линия Ўзбекистонда қўлланиладиган техник стандартлар ва талабларга мувофиқ сигнализация, телекоммуникация ва электр таъминоти қурилмалари билан жиҳозланган.
Бу линиянинг аҳамияти шундаки, у Афғонистоннинг шимолий вилоятларининг энг ривожланган ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларида темир йўл транспортини ташкил этиш имконини беради, шунингдек, Афғонистон ва минтақанинг бошқа давлатлари ўртасидаги транспорт харажатларини камайтиради.