Қирғизистон социал-демократлар партияси етакчиси ва унинг сафдошлари синов назорати остида қўйиб юборилди

Чапдан ўнгга: Темирлан Султанбеков, Ирина Карамушкина ва Роза Турксевер. Kloop.kg Telegram-канали фотосурати

Қирғизистон социал-демократлар партияси етакчиси Темирлан Султанбеков ва унинг икки сафдоши Ирина Карамушкина ва Роза Турксевернинг ҳар бири уч йиллик синов (пробация) назоратига ҳукм қилинди. Бишкекнинг Свердловск туман суди 24 апрель куни шундай қарор қабул қилди, деб хабар беради Kloop.kg.

Мажлис ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Маҳкумларнинг адвокати Айбек Турдуев суд қарорини ноқонуний деб атайди. Унинг сўзларига кўра, ишда мижозларининг айбини тасдиқловчи бирорта ҳам далил йўқ.

«Турган гап, биз қарор устидан шикоят қиламиз. Айтмоқчиманки, бундай ҳукмни кутмаган эдик. Агар суд қарор чиқараётганда қонунга амал қилганида, барча айбланувчиларни оқлаган бўларди», — деди Турдуев.

Темирлан Султанбеков ҳукм устидан шикоят қилиш ниятида эканини тасдиқлади.

👉 Пробация назорати жиноят содир этган, лекин қамоқхона ўрнига муайян қоидаларга риоя қилган ҳолда озодликда қолган шахс устидан ўрнатилган назоратнинг алоҳида туридир. Пробация назорати остида шахс мунтазам равишда пробация ходими билан учрашиши ва иш, мактаб ёки даволаниш каби суд қарорларини бажариши керак.

ℹ️ Темирлан Султанбеков ва унинг икки шериги — Ирина Карамушкина ва Роза Турксевер пойтахт Свердловск судининг 2024 йил 15 ноябрдаги қарори билан Бишкекдаги 1-тергов изоляторига жўнатилган. Учаласи ҳам маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови арафасида овозларни сотиб олиш моддаси билан айбланмоқда. Тергов чора-тадбирлари социал-демократлар бўлажак сайловларда овозларни сотиб олиш масаласини муҳокама қилган аудиоёзув эълон қилинганидан кейин бошланган. Жиноят иши қўзғатилганидан сўнг Бишкек ҳудудий сайлов комиссияси Социал-демократлар партиясини шаҳар кенгашига сайловлардан четлаштирган. 2025 йил февраль ойи охирида Султанбеков ва унинг шериклари иши махфийлаштирилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ