Хоккей бўйича Қирғизистон ва Туркманистон терма жамоалари жаҳон чемпионатида учинчи бор ғалабани қўлга киритди

Қирғизистон-Босния ўйинидан лавҳа. icehockey.lu сайти фотосурати

Хоккей бўйича жаҳон чемпионати III дивизиони А гуруҳида Қирғизистон ва Туркманистон терма жамоалари қаторасига учинчи ғалабасини қўлга киритди.

Туркманистон терма жамоаси Люксембургни 8:3 ҳисобида мағлуб этди. Туркманистон хоккейчиларининг турнир аутсайдерларидан бирига қарши баҳси кутилмаганда шиддатли бошланди. Бешинчи дақиқадаёқ рақиб олдинга чиқиб олди. Павел Барковский биринчи бўлим тугашига уч дақиқа қолганида вазиятни тиклади. Иккинчи йигирма дақиқада люксембургликлар яна ҳисобда олдинга чиқиб олишди. Асосий воқеалар якуний даврда содир бўлди. Туркманистонликлар 12-дақиқада Люксембург термаси дарвозасига кетма-кет олтитадан шайба киритишди: Баймурод Баймуродов иккитадан шайба киритган бўлса, Барковский, Мақсатгелди Баллев, Муса Аннасапаров ва Назар Ғилижов биттадан шайба уришди. Люксембургликларнинг қўлидан келгани битта шайбани қайтариш бўлди. Аммо туркманлар барибир сўнгги сўзини айтди — Барковский хет-трик қайд этди.

Қирғизистонлик хоккейчилар Босния билан тўқнаш келди ва ҳеч қандай муаммога дуч келмади ва 5:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Биринчи бўлимда киритилган шайбаларга Эрназар Исаматов ва Мамед Сейфулов муаллифлик қилишди. Иккинчи бўлимда эса Сейфулов иккинчи бор шайба киритди. Якуний давр воқеаларга бой бўлди. Янги келган Тимофей Широков Қирғизистон терма жамоаси сафидаги илк шайбасини киритди ва боснияликлар ҳисобни очишди. 55-дақиқада эса оммавий муштлашув бошланди — ҳар бир жамоадан учтадан хоккейчи 20 дақиқадан четлаштирилди. Учрашув якуний сиренага 4 сония қолганида Абдумалик Сопитов томонидан киритилган шайба билан якунланди.

III дивизион А гуруҳининг яна бир ўйинида Туркия терма жамоаси ЖАРни 7:0 ҳисобида мағлуб этди.

Уч турдан сўнг Қирғизистон терма жамоаси 9 очко билан пешқадам, Туркманистон 9 очко билан иккинчи, Туркия 6 очко билан учинчи, Жанубий Африка 3 очко, Босния ва Люксембург 0 очкога эга.

Тўртинчи турда 25 апрель куни Марказий Осиё дербиси бўлиб ўтади — Қирғизистон Туркманистонга қарши баҳс олиб боради. Балки айнан шу ўйинда бутун турнир ғолиби аниқланади. Жанубий Африка Люксембург билан, Туркия эса Босния билан ўйнайди.

21-27 апрель кунлари Туркияда III дивизион А гуруҳидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтмоқда. Турнир ғолиби II дивизионнинг В гуруҳига йўл олади. Сўнгги ўринни эгаллаган жамоа III дивизионнинг В гуруҳига тушиб кетади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ