Қирғизистон хавфсизлик кучлари россиялик африкашунос ва сиёсий технолог, «Улыбаемся и машем» («Куламиз ва қўл силтаймиз») Телеграм канали муаллифи Виктор Васильевни ҳибсга олди. У одамларни ёлланма аскарликка ёллашда айбланмоқда. Жиноят иши бўйича айбланувчи 17 июнга қадар ҳибсда сақланади, деб ёзади «Клооп» Бишкекнинг Первомайский туман суди матбуот хизматига таяниб.
Россиялик Қирғизистон Жиноят кодексининг 416-моддаси («Ёлланиш») да назарда тутилган, яъни бошқа давлатларнинг қуролли можароларида ёки давлат ҳокимиятини ағдариш ёхуд ҳудудий яхлитликни бузишга қаратилган зўравонлик ҳаракатларида фойдаланиш мақсадида ёлланма аскарларни ёллаш, молиялаштириш, моддий таъминлаш, ўқитиш, шунингдек, ҳарбий можаролар ёки ҳаракатларда ёлланма аскарлардан фойдаланиш бўйича жиноятларни содир этганликда гумон қилинмоқда.
Республика Жиноят кодексига кўра, бундай қилмишлар етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
«Клооп» баъзи Телеграм каналлари маълумотларига таяниб, бир версияга кўра, Васильев 17 ёки 18 апрелда Африкадан Бишкекка учиб келганидан сўнг «Манас» аэропортида қўлга олинганини таъкидлайди. Бошқа бир версияга кўра, у худди шу вақтда «Россияпараст ОАВ томонидан уюштирилган тадбирда» олиб кетилган.
Бир қатор манбаларга кўра, Васильев илгари Луковенко фамилиясида бўлган. Унинг «Вагнер» хусусий ҳарбий компаниясининг ҳозирда вафот этган асосчиси Евгений Пригожин билан алоқалари ҳақида ҳам маълумотлар мавжуд.
Африкашунос билан ҳамкорлик қилган «Регнум» ахборот агентлиги бош муҳаррири Марина Аҳмедова Васильевни «ҳаммом учун қасос» сифатида ҳибсга олинганини тахмин қилади. Эслатиб ўтамиз, гап Қирғизистон фуқаролари тасарруфидаги мажмуага Москва полицияси томонидан уюштирилган рейд ҳақида кетмоқда. Ўшанда 59 нафар хорижлик қўлга олинганди, улардан 25 нафари, маълум бўлишича, РФ миграция қонунчилигини бузган.
Кўринишидан, сиёсий технолог одамларни ёлланма аскарликка ёллаш иши бўйича айбланмоқда, маълумки бундан олдин мазкур иш доирасида Ўшдаги «Русский дом» ходими Наталья Секерина ва яна бир неча киши ҳибсга олинганди.
Россотрудничество раҳбари Евгений Примаков Секеринанинг ҳибсга олинишини «провокация» деб атади. Расмийнинг сўзларига кўра, маҳбусни «озод қилишади», зеро руслар «ўз одамларини ташлаб қўймайди». У, шунингдек, воқеа фонида «самарали ва ёқимсиз» хулосалар қилинганини қўшимча қилган.
25 апрель куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев ва Россиянинг ушбу республикадаги элчиси Сергей Вакунов ўртасида учрашув бўлиб ўтганини қўшимча қиламиз. Учрашувда жумладан, Россотрудничествонинг одамларни ёллаш иши бўйича айбланаётган штатдан ташқари ходимларининг ҳибсга олиниши масаласи муҳокама қилинган. 24.kg нашрининг куч тузилмаларидаги манбаларига таяниб хабар беришича, тергов-тезкор тадбирлари натижаларига кўра ва содир этилган жиноятлар хусусиятини инобатга олган ҳолда, уларга нисбатан эҳтиёт чорасини уй қамоғига ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бундай чора сиёсий стратег Васильевга нисбатан қўлланиладими ёки йўқми, бунга ойдинлик киритилмаган.
Вазият депутатлар ўртасидаги бахс-мунозаралар билан янақа қизиди. РФ Давлат Думаси вакили Михаил Матвеев Қирғизистон ҳақида ҳақоратли баёнот бериб, давлатни «ҳаддидан ошган митти ташкилот» деб атаган ва уни «ўз ўрнига ўтқазиб қўйиш» керак деган. Қирғизистон парламенти депутати Дастан Бекешев, ўз навбатида, россиялик ҳамкасбини Марказий Осиё республикасида персона нон грата деб эълон қилишни таклиф қилган. Жогорку Кенеш (парламент) депутатига кўра, Матвеевга ўхшаган одамлар «адоват уруғини сочиб, икки давлат ўртасидаги муносабатларга путур етказади».