Хоккей бўйича Қирғизистон терма жамоаси жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Туркманистонда -кумуш

Қирғизистон терма жамоаси хоккейчилари. IIHF ўйини трансляциясидан лавҳа

Хоккей бўйича Қирғизистон терма жамоаси жаҳон чемпионатининг III дивизиони А гуруҳида ғолиб чиқди ва юқори тоифага кўтарилди. Турнирда Туркманистон кумуш медални қўлга киритди.

Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқичида Қирғизистон терма жамоаси Туркия терма жамоасини мағлуб этди. Учрашув 3:1 ҳисобида Қирғизистон жамоаси фойдасига ҳал бўлди.

Учрашувнинг учинчи дақиқасидаёқ Султон Исмонов турклар дарвозасига биринчи шайбани киритди. Иккинчи бўлим бошида рақиб ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб Михаил Чувалов қирғизистонликларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Учрашувдаги якуний шайбаси 44-дақиқада Мамед Сейфулов томонидан киритилди.

Шу тариқа, Қирғизистон терма жамоаси турнирдаги барча ўйинларда умумий 27:5 ҳисобида зафар қучди, жумладан, Туркманистон терма жамоасини 8:1 ҳисобида ютди.

Туркманистон сўнгги турда Жанубий Африка терма жамоасини қўшимча вақтда 6:5 ҳисобида мағлуб этди. Марказий Осиё хоккейчилари учрашувни ёмон бошлашди: биринчи бўлимда африкаликлар тўртта шайба киритган бўлса, туркманлар Баймурод Баймуродов томонидан киритилган иккита шайба билан жавоб қайтаришди. Иккинчи даврада Жанубий Африка терма жамоаси Туркманистон дарвозасига бешинчи шайбани киритди. Учинчи бўлимда туркманистонликлар ўйинни ўзгартирди: йигирма дақиқа бошида Амангелди Аганиёзов ва Павел Барковский ҳисобни минимал даражага қисқартиришди. Финал сиренасига бир сония қолганида эса Аганиёзов ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча вақтда ғалаба шайбасини Кервен Байлиев киритди.

Туркманистон терма жамоаси 11 очко жамғариб, турнирда иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақа натижаларига кўра III дивизионнинг А гуруҳидан чиқадиган гуруҳ аутсайдери Люксембург терма жамоаси бўлди.

Турнирнинг энг яхши ўйинчиси ва мергани 9 очко (6 шайба ва 3 шайбали узатма) билан Қирғизистон терма жамоаси сардори Мамед Сейфулов бўлди. Туркманистон терма жамоасининг энг яхши ўйинчиси Павел Барковский бўлди — 6 очко (5 шайба ва 1 шайбали узатма).

21-27 апрель кунлари Туркияда III дивизион А гуруҳидаги жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Мусобақада олтита давлат: Туркия, Қирғизистон, Туркманистон, Жанубий Африка, Люксембург ва Босния терма жамоалари иштирок этди.

Аввалроқ Ўзбекистон терма жамоаси ўзининг дебют мавсумидаёқ IV дивизионда ғолиб чиққан ва III дивизионнинг В гуруҳига кўтарилган эди. Қозоғистон терма жамоаси май ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олий дивизионида иштирок этади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ