Қирғизистон Россиядан С-300 зенит-ракета комплексларини олди

С-300 ЗРК. rbc.ru сайти фотосурати

Қирғизистон Россиядан С-300 зенит-ракета комплексларини олди. Бу ҳақда республика Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов «Известия»га маълум қилди.

«Бизда бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлайди. Ҳозирда ушбу қўшма тизимнинг элементларини олдик — С-300. У Қирғизистон ҳудудида», — деди Иманқулов.

Россия Қирғизистонга қанча тизим жўнатгани айтилмаган.

С-300 ҳаво мудофаа тизимларини етказиб бериш бўйича келишувга 2021 йили Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Москвага ташрифи чоғида эришилган. 2023 йил ноябрь ойида Қирғизистон билан минтақавий ҳаво мудофааси қўшма тизимини яратиш бўйича келишув кучга кирган. Ҳужжатга кўра, Россия бирлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг коллектив хавфсизлик зонасида ҳаракатларини мувофиқлаштиради, Қирғизистон эса бу ҳаракатларни бошқаради. Қирғизистон ҳукумати қўшин ва техникани жойлаштириш учун Бишкекдан 20 километр узоқликда жойлашган Россиянинг Кант ҳарбий базаси ёнидан 5 гектар майдон ажратган.

Иманқулов С-300 тизимлари 8 май куни Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган парадда намойиш этилишига умид билдирди. Ўтган ҳафта парадда ҳаво ҳужумидан мудофаа ракета тизимининг иштироки республика Мудофаа вазирлиги томонидан ҳам эълон қилинганди.

«Ала-Тоо майдонида илк бор Тор «М2-КМ», «Печора 2БМ» ва С-300 ПС ракета тизимлари намойиш этилади», — дейилади вазирлик хабарида.

Иманқулов, шунингдек, Бишкек Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасида Москва билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлашда давом этаётганини қайд этди. Қирғизистон кўп векторли сиёсат олиб бормоқда, НАТО билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда, бироқ минтақа хавфсизлигини таъминлашда асосий рол КХШТга тегишли, дея таъкидлайди Республика Хавфсизлик Кенгаши котиби.

ℹ️ Россия ва Қирғизистоннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш режалари 2022 йил июлида маълум бўлган. Икки давлат ўртасидаги келишув 2022 йил 16 август куни Москвада имзоланган. Ушбу ташаббусдан мақсад минтақада ҳаво мудофаа тизимини яхшилаш экани айтилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ