Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 2027-2036 йилларни ўрмонларни тиклаш ўн йиллиги деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни қабул қилди. Ҳужжат Ўзбекистон ва Конго ташаббуси билан ишлаб чиқилган бўлиб, 80 та давлат унинг ҳаммуаллифи бўлган, дейилади БМТ сайти.
Резолюция «Барқарор ўрмон хўжалиги асосида ўрмонзорлаштириш ва ўрмон тиклаш бўйича Ҳаракатлар Декадаси» деб номланади. У глобал тузилманинг қатор қисмларини, хусусан, Атроф-муҳит дастури ва Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотини бу жараёнда ёрдам беришга чақиради.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг пресс-релизида Ўзбекистон миллий, минтақавий ва глобал миқёсда ўрмонлар барпо этиш ва дарахт экиш масалаларини фаол илгари сураётгани қайд этилган. Шу тариқа, ўтган йил август ойида Марказий Осиё республикаси ташаббуси билан Бош Ассамблея «Экологик муаммоларни самарали ҳал этиш сифатида деградацияга учраган ерларда, шу жумладан лалми ерларда ўрмонларни барқарор бошқариш, жумладан, тақир ерларда ўрмонларни қайта тиклашга кўмаклашиш» резолюциясини қабул қилган.
Ҳужжат БМТ агентликлари ва бошқа давлатларни дарахт экиш лойиҳаларида, жумладан, лалми ерларда, самарали парвариш стратегияларини ишлаб чиқиш орқали экилган дарахтларнинг узоқ муддатли сақланишини таъминлаш, ўрмонларни барқарор бошқаришни ривожлантириш мақсадида халқаро ҳамкорлик, давлат-хусусий шериклик ва барча даражадаги тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлашга чақиради.
Таъкидланишича, Ўзбекистон раҳбарияти кўкаламзорлаштириш жараёнини фаоллаштириш мақсадида ҳар йили баҳорги Наврўз байрами арафасида «Марказий Осиёнинг яшил белбоғи» номли кўчат экиш акциясини ўтказишни таклиф қилган.
Бундан ташқари, Республика Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатда яқин беш йилда бир миллиард кўчат экиш кўзда тутилган «Яшил макон» кенг кўламли дастури амалга оширилмоқда. Жорий йили мазкур экологик лойиҳани амалга ошириш учун 7,7 миллион доллар ажратилди.
БМТ яна бир муҳим лойиҳани эсга олди, унинг доирасида Орол денгизининг қуриб қолган тубида қарийб икки миллион гектар майдонда ўрмон барпо этилди. Ахир, дарахтлар қум бўронларини ушлаб туриш, экотизимни яхшилаш ва маҳаллий аҳоли учун даромад манбаларини яратишга ёрдам беради. Охир оқибат, ташаббус катта сув ҳавзасининг йўқ бўлиб кетиши билан боғлиқ экологик офат оқибатларини юмшатади.