Россиялик тарихчи олим Қозоғистонга киритилмади

i-sng.ru сайти фотосурати

Тарих фанлари номзоди Андрей Грозинга ҳеч қандай изоҳларсиз Қозоғистонга киришга рухсат берилмаган. Бу ҳақда олим ҳамкорлик қилаётган Россия МДҲ мамлакатлари институти матбуот хизмати РБКга маълум қилди.

Грозин 27 апрель куни Остонада паспорт назоратидан ўта олмаган ва эртаси куни Москвага қайтишга мажбур бўлган. Қозоғистонда у «Россия-Қозоғистон муносабатларидаги муаммоларни таҳлил қилиш»га бағишланган тадбирда иштирок этиши керак эди, дейилади хабарда. Грозиннинг «Россия – Қозоғистон: хавфсизлик ва гуманитар ҳамкорлик соҳаларида ўзаро ҳамкорлик динамикаси» мавзусидаги давра суҳбатида ҳам чиқиши режалаштирилган бўлган.

Институт директори, Давлат думаси депутати Константин Затулин чегарадаги вазиятни шарҳлар экан, «айрим Қозоғистон вакилларининг меҳмонларга нисбатан ноаниқ, нодўстона хатти-ҳаракати»ни таъкидлаб, бу «одатий амалиётга айланиб бораётгани»ни айтган. МДҲ давлатлари институти 2023 йили Затулиннинг ўзи бир неча соат давомида Байқўнғир космодромидаги космик кема учирилишида иштирок этиш учун «Қозоғистонга киришига тўсқинлик қилишга уринишганини» эслатган. «Воқеа олди олинди ва бости-бости қилинди, бироқ Грозин воқеасидаги каби нима сабабдан эканига ҳеч қандай изоҳ берилмаганди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

«Россияда Қозоғистонни ҳурмат қиладиган одамлар, айниқса, Қозоғистон ва СССРнинг бошқа барча республикалари ўз ҳиссаларини қўшган Ғалабанинг 80 йиллиги нишонланадиган йилда бизга ва муносабатларимизга қарши фитналарга дуч келишни истамайдилар», — дея хулоса қилади институт.

Андрей Грозин МДҲ мамлакатлари институти билан ҳамкорлик қилишдан ташқари, Россия Фанлар академиясининг Шарқшунослик институтида катта илмий ходим ҳисобланади. У Россия ва хорижда (АҚШ, Хитой, Швеция, Япония ва бошқалар) илмий ва даврий нашрларда 250 дан ортиқ нашрлар, РАН сайтида кўрсатилганидек, олтита монография (иккита ҳаммуаллифлик) муаллифи. У вақти-вақти билан Россиянинг бир қатор йирик бизнес тузилмаларида эксперт ва маслаҳатчи сифатида ишлайди, Россия ва хорижий оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилади. 1996 йилдан бери Грозин Россияда, ундан олдин Қозоғистонда яшаган. Ал-Фаробий номидаги Қозоқ Миллий университетининг сиёсатшунослик факультетини тамомлаган, Қозоғистон Республикаси Матбуот ва оммавий ахборот воситалари вазирлигида ишлаган. Вақти-вақти билан Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Қозоғистон Экология ва биоресурслар вазирлиги, шунингдек, республиканинг бошқа давлат идоралари фаолиятига жалб қилинган.

Грозиннинг мамлакатга киришига тақиқ қўйилгани бўйича Қозоғистон ҳукумати томонидан расмий муносабат билдирилмаган, бироқ, қозоғистонлик сиёсатшунос Марат Шибутов ўзининг Телеграм-каналида ёзишича, бундай қарор «қозоқ олимларининг Россияга оммавий равишда киришига қўйилган тақиқга жавоб бўлиши мумкин».

«Аввали ёзганимдек, россиялик тарихчилар билан қўшма гуруҳда иштирок этаётган қозоқ тарихчиларининг деярли бутун жамоасининг, бир кишидан ташқари, 2022-2023 йиллари Россияга киришига тақиқи қўйилган. Аслида, буларнинг барчаси бизнинг илмий юлдузларимиз, институт директорлари, фан докторлари ва академиклари ва уларнинг барчасига Россия Федерациясига киришга рухсат берилмаган. Битта тарихчи олимимиз Шереметьево аэропортида ноқонуний мигрантлар билан бит кун ўтиришига тўғри келган, токи элчихонамиз ходимлари уни ватанига қайтариб жўнатгунга қадар. Бир қатор депутатлар ва бошқа сиёсатчиларни ҳам тақиқ олишган», — дейди Шибутов. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон давлат идоралари мазкур муаммо юзасидан россиялик ҳамкасбларига мурожаат қилган, бироқ «улар тушунишмаган». «Ва кейин, худди яхши бир фильмдаги каби, «Қўнғироқ қилмайсан, ёзмайсан. Мен қандайдир тарзда эътиборингизни жалб қилишим керак эдику» каби жавоб олинган. Афтидан, Андрей Грозин россиялик ҳамкасблар эшигини тақиллатиш учун восита бўлган кўринади», — дея хулоса қилади сиёсатшунос.

«Қадрдон россиялик ҳамкорларимиз каби Қозоғистон томонидан одамларга нисбатан оммавий тақиқлар қўйиш юз бермаса керак, лекин бу Россия ҳукуматига бериладиган катта саволдир. Муаммони ҳал этиш керак», — дея қўшимча қилган у.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ