Афғонистон 30 минг фуқаросини Ҳаж зиёратига жўнатади

proleteli.com сайти фотосурати

Афғонистон Саудия Арабистонига Ҳаж зиёратини адо этиш учун 30 минг фуқаросини жўнатади. 230 кишидан иборат биринчи гуруҳ 29 апрель куни Кобулдан Мадинага учиб кетди, деб хабар беради Khaama.com толиблар* ҳукуматига таяниб.

Ҳаж ва дин ишлари вазири Нур Муҳаммад Соқибнинг сўзларига кўра, зиёратчиларни ташиш икки миллий авиакомпания – Ariana Afghan Airlines ва Kam Air томонидан амалга оширилади. Май ойида улар Ҳаж квотасини олган барча 30 минг афғонни Саудия Арабистонига етказиш учун 97 та рейсни амалга оширади. Логистика жараёнини соддалаштириш учун Афғонистоннинг турли вилоятларида махсус Ҳажни мувофиқлаштирувчи марказлар ташкил этилган.

Ҳаж зиёрати нархи ҳар бир одам учун 3924 доллар қилиб белгиланган, бу 340 минг афғонга тўғри келади, дея қайд этади Khaama.

«Толибон»* ҳаракати ҳажнинг муваффақиятли ўтиши Афғонистоннинг ислом оламидаги нуфузини оширишига ва Саудия Арабистони билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлашига умид билдирмоқда.

ℹ️ 2025 йилги Ҳаж мавсуми май ойининг ўрталарида бошланиб, июнь ойининг охиригача давом этади. Асосий маросимлар 4 июндан 9 июнгача ёки мусулмон тақвимининг ўн иккинчи ойи Зулҳижжа ойининг 8-дан 12-кунига қадар бўлиб ўтади.

Бу йил Саудия Арабистони қуйидаги квоталарни ажратди:

✅ Ўзбекистон — зиёратчилар учун 15 минг квота,

✅ Тожикистон — 7 минг,

✅ Қозоғистон — 4,5 минг,

✅ Қирғизистон — 6,06 минг,

✅ Туркманистон — номаълум, ўтган йили мамлакат президенти 289 нафар одамга Саудия Арабистонига боришга рухсат берган,

✅ Россия — 25 минг.

Аввалроқ Саудия Арабистони ҳукумати Ҳаж зиёратига келувчи хорижликлар учун янги қоидалар жорий қилинганини хабар қилганди. Низомга кўра, улар 29 апрелдан бошлаб муқаддас қадамжоларни фақат зиёрат визаси бўлган тақдирдагина зиёрат қилишлари мумкин бўлади. Бу шартни бузганлик учун 20 000 риал (5 300 доллар) миқдорида жарима, олти ой қамоқ ва ўн йилга мамлакатга кириш тақиқланган ҳолда депортация билан жазоланади. Бундан ташқари, Саудия Арабистони 23 апрелдан 9 июнга қадар кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун электрон визалар беришни тўхтатди.

*30 апрель ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россия томонидан террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ