Қозоғистонда ўн йиллик яшаш рухсатномасини олиш имконини берадиган «Олтин виза» 300 минг доллар туради

freepik.com сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати чет элликлар учун «олтин виза»ни жорий қилмоқда. Бунинг учун қозоқ компаниялари устав капиталига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга камида 300 минг доллар сармоя киритиш зарур. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Бундай инвестор визаси эгасига кейинчалик Қозоғистонда 10 йилгача яшаш рухсатномасини олиш имконияти берилади.

Янги қоида Қозоғистоннинг инвестицион жозибадорлигини мустаҳкамлаш ва узоқ муддатли бизнес ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Ташқи ишлар вазирлиги Европа давлатлари, АҚШ, БАА ва Сингапурнинг шу каби виза дастурларини жорий этган ижобий тажрибасини қайд этади.

««Олтин визалар» берилиши хорижий инвесторлар учун қулай ва башорат қилинадиган муҳит яратади, ҳуқуқий кафолатлар беради ва Қозоғистоннинг сармоявий муҳитига ишончни мустаҳкамлайди. Янги қоида мамлакатнинг очиқлик, капитал ҳимояси ва барқарор халқаро иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган стратегик йўналишини акс эттиради», — дея тушунтирган вазирлик 30 апрель куни.

Дастур янги қоидалар расмий эълон қилинганидан 10 кун ўтгач ишлай бошлайди.

ℹ️ Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 2022 йилги халққа мурожаатида «олтин визалар» жорий этиш режасини эълон қилганди. Шу тариқа, ҳукумат ҳар йили мамлакатга 100 тагача бизнес инвесторларини жалб қилишга умид қилади.

2024 йил ноябрь ойида республика ҳукумати «замонавий кўчманчилар» – масофадан туриб ишлаётган хорижлик сайёҳлар учун Neo Nomad визаларини жорий қилди. Ушбу визага даъвогарлар Қозоғистондан ташқарида камида 3000 АҚШ доллари миқдорида барқарор даромад, тиббий суғурта ва судланмаганлиги тўғрисида гувоҳномага эга бўлиши керак. Neo Nomad визаси эгалари хорижий компанияларда ишлашни давом эттирган ҳолда Қозоғистонда бир йилгача яшаши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ