Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев моҳиятан қадимий шаҳар ичидаги шаҳар бўлган «Арда Хива» халқаро сайёҳлик мажмуасининг очилиш маросимида иштирок этди. Ушбу тадбир 1 май куни давлат раҳбарининг Хоразм вилоятига ташрифи доирасида бўлиб ўтди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.
«Арда Хива» ҳудуддаги 25 гектарлик паст унумли, шўрхок майдонда қурилган. Унинг бир томони 150 гектарлик Ғовук кўлга туташиб кетгани, бу майдонларда эса яшил ҳудудлар ташкил этилаётгани лойиҳани сайёҳлар учун янада жозибадор кўрсатишга хизмат қилади.
Туристик марказ ҳудудида 17 та меҳмонхона ва меҳмон уйлари, тўққизта ресторан, очиқ ва ёпиқ аквапарк, амфитеатр, кино ва концерт заллари, кўргазма павильонлари мавжуд. Бундан ташқари, 70 дўкон, 300 та савдо майдончаси, ҳунармандчилик дўконлари, шарқ бозори, фавворалар, сайргоҳ мавжуд.
Янги мажмуанинг очилиши йилига камида 1 миллион сайёҳни жалб қилиш, кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини 1,2 триллион сўмга (92,5 миллион доллар) ошириш, камида 2 минг иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Маросимда Ичан қалъа Хиванинг тарихий қиёфаси бўлса, «Арда Хива» унинг замонавий ташриф қоғозига айланиши таъкидланди.
Республика Президенти Хоразм ҳақиқатан ҳам Шарқ дурдонаси эканини, у жаҳон цивилизацияси ва маданияти ривожига беқиёс ҳисса қўшганини алоҳида таъкидлади.
«Бу кўҳна юрт жаҳонга донғи кетган не-не олиму фозиллар, саркарда ва султонлар, азиз авлиёлар, бетакрор шоир ва ҳофизлар ватанидир», — деди Мирзиёев.
Бу ердаги муҳташам тарихий обидалар бебаҳо бойлик экани қайд этилди. Очиқ осмон остидаги шаҳар-музей – «Ичан қалъа» мажмуаси умумбашарият хазинаси сифатида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Вилоятда 260 дан зиёд маданий мерос объекти мавжуд. Улар ўзининг ноёб ва гўзал меъморий қиёфаси билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг жаҳон равнақидаги бетакрор ўрнини белгилаб берадиган тирик тарихдир.
«Арда Хива»нинг очилиш маросимида давлат раҳбари Хива вилоятидаги 2,4 минг гектар ер Хива шаҳрига берилгани, бу ерда янги «Саҳро юлдузи» сайёҳлик мажмуаси барпо этилишини маълум қилди.
Бундан ташқари, Тупроққалъада чўл ҳудудидаги 5 минг гектар ерда сафари ва ов туризми ривожлантирилади. Урганч шаҳри, Шовот, Қўшкўпир, Хива ва Ҳазораспдан оқиб ўтадиган Ғазовот, Полвон, Шовот каналлари бўйларида 50 миллион долларлик 80 та хизмат кўрсатиш, савдо-кўнгилочар объектлари ишга туширилади.
Маъмун академияси биноси олдидаги 2 гектар боғ «Буюк алломалар» номли очиқ осмон остидаги «смарт» музейга айлантирилади. Шу асосда Хоразм юртида камол топган ўнлаб мумтоз аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли, бой ижодий мероси интерактив усулда бир нечта хорижий тилларда сайёҳларга тақдим этилади.
Президент, шунингдек, Хоразм ва Қорақалпоғистон элини Худои таолонинг ўзи тақдирдош қилиб яратганини таъкидлади. Шу боис Хоразмда туризмни ривожлантириш Қорақалпоғистон билан ҳамоҳанг равишда, ягона концепция асосида амалга оширилади. Бунинг учун «Хоразм – Қорақалпоғистон» туризм ҳалқаси лойиҳаси ишлаб чиқилади. «Урганч – Гурлан – Манғит» автомобиль йўли тўлиқ реконструкция қилинади.
ℹ️ Охирги бир неча йил ичида Хоразм вилоятига ташриф буюрган хорижликлар сони 30 баробар ошди. Сайёҳлик хизматлари экспорти 2017 йилдаги 7 миллион доллардан 2024 йили 380 миллион долларга етди. Сайёҳлар учун 40 дан ортиқ янги йўналишлар ишлаб чиқилган бўлиб, ҳозирда уларнинг сони юзтага етди.