Ўзбекистон Россияни меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳурмат қилишга чақирди

Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Россияда меҳнат қилаётган республика фуқароларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди. Бу масала 2 май куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов ва Россия элчиси Олег Мальгинов ўртасида бўлиб ўтган учрашувда кўтарилди, деб хабар беради республика Ташқи ишлар вазирлиги.

Усмонов бундай ҳолатлар Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини бузиш ҳисобланиши, бу ҳуқуқ ва эркинликлар эса яшаб турган мамлакат қонунчилиги асосида таъминланиши лозимлиги таъкидлади.

«Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россия Федерациясининг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги мунтазам маслаҳатлашувлар фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилишга, консуллик хизматлари соҳасидаги ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга, шунингдек меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларни тезкорлик билан ҳал қилишга хизмат қилаётгани алоҳида қайд этилди. Буларга фуқароларнинг жўнаб кетишидан олдинги тил ва касбий тайёргарлик, рухсат бериш тартиб-таомилларининг бир қисмини Ўзбекистонда амалга ошириш ва қонунчиликка риоя этилишини таъминлаш каби масалалар киради.

Томонлар икки давлат ҳудудида Ўзбекистон ва Россия фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро ҳимоя қилиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

👉 Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси элчининг республика Ташқи ишлар вазирлигига чақирилгани ҳақида хабар бермаган. Учрашув куни элчихона Россияга кўчиб ўтаётган чет эл фуқаролари учун «Россия – яшагинг ва ишлагинг келадиган, озод, хавфсиз ва дўстлар учун бағри очиқ давлат» деб ёзилган эслатмани қайта жойлаштирган. Эртаси куни элчихона Россия президенти Владимир Путин ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг телефон орқали мулоқоти ҳақида хабар берди, унда Ўзбекистон раҳбари Улуғ Ватан урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан Москвада ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишини тасдиқлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ