Binance крипто биржаси асосчиси Қирғизистон президентининг рақамли активлар бўйича маслаҳатчиси бўлди

Садир Жапаров ва Чанпэн Чжао. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Савдо ҳажми бўйича дунёдаги энг йирик криптовалюта биржаси Binance асосчиси Чанпэн Чжао Қирғизистон президентининг рақамли активларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар бўйича жамоатчилик асосида маслаҳатчиси бўлди. Садир Жапаров 3 май куни Чўлпон-Отада бўлиб ўтган йиғилишда миллиардерга тегишли сертификатни топширди, деб хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.

Чанпэн Чжао Қирғизистонга 3 май куни амалий ташриф билан келган. Жапаров билан учрашувда у рақамли активлар соҳасида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган. Хусусан, ҳамкорлик доирасида Қирғизистон мутахассислари учун рақамли миллий валютани жорий этиш, шунингдек, тегишли кадрларни тайёрлаш бўйича таълим дастурларини амалга ошириш бўйича маслаҳатлар ўтказилади.

Шу куни Жапаров Президент ҳузурида Виртуал активлар ва блокчейн технологияларини ривожлантириш миллий кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кенгаш молиявий саводхонликни ошириш ва таълим дастурларини илгари суриш, киберхавфсизлик ва фойдаланувчиларни киберфирибгарликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, давлат бошқаруви тизимига блокчейн технологияларини жорий этиш масалаларига эътибор қаратади.

Чанпэн Чжао Кенгашнинг 4 май куни бўлиб ўтган биринчи йиғилишида иштирок этди. Жапаров Binance 100 дан ортиқ мамлакатларда инфратузилма яратиш ва инновацияларни жорий этиш бўйича ноёб тажрибага эга эканини таъкидлади. У Кенгаш таркибига икки нафар хорижлик – Чанпэн Чжао ва Binanceнинг Марказий ва Шарқий Европа, Марказий Осиё ва Африка бўйича минтақавий раҳбари Кирилл Хомяков киритилганини эълон қилди.

«Чанпэн Чжао келажак валютаси ва глобал резервнинг бир қисмига айланадиган блокчейн технологиялари ва криптовалютани жорий этиш бўйича илғор тажрибалар билан бўлишишга тайёрлигини билдирди. Кирилл Хомяков Binance Қирғизистон билан бир қатор рақамли ташаббусларни, жумладан, аҳоли ўртасида рақамли саводхонликни ошириш ва таълим дастурларини тарғиб қилиш устида ишлаётганини айтди», — деб хабар беради президент матбуот хизмати.

Кенгаш йиғилиши Binance ва Қирғизистон Президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумининг тантанали имзоланиши билан якунланди.

ℹ️ Чанпэн Чжао 1977 йил 10 сентябрда Хитойнинг Цзянсу провинциясида педагоглар оиласида туғилган. Хитойдаги сиёсий репрессия туфайли унинг оиласи 1980 йиллар охирида Канадага ҳижрат қилган. Канадада у технологияга қизиқа бошлайди ва Монреалдаги Макгилл университетида дастурлаш ва компьютер фанларини ўрганади. Савдо тизимларини ишлаб чиққан ҳолда Токио фонд биржасида ва Bloombergда ишлаган.

2014 йили Чжао ўз уйини сотади ва биткойнга сармоя киритади ва кўп ўтмай OKCoin крипто биржасида ишлай бошлайди. 2017 йили юк ва мижозларни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ йирик криптобиржалар муаммоларини пайқагач, у Binanceга асос солади, у эса тезда дунёдаги энг йирик ва лицензияланган крипто биржаларидан бирига айланади. 2023 йил ноябрида у Binance бош директори лавозимини тарк этади.

Чанпэн Чжао крипто ҳамжамиятида CZ тахаллуси билан танилган. 2023 йили унинг бойлиги тахминан 23 миллиард долларга баҳоланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ