Ўзбекистонлик талабаларга хорижга саёҳат қилиш учун 15 миллион сўмгача ссуда берилади

anhor.uz сайти фотосурати

Жорий йилнинг 15 майидан бошлаб Work and Travel («Иш ва саёҳат») дастури доирасида ишлаш ва саёҳат қилиш учун хорижий давлатларга бориш ва келиш ҳамда бошқа харажатларни қоплаш мақсадида талаба ёшларга ссуда ажратиш тартиби жорий этилади. Бу меъёр республика ҳукуматининг 2 майдаги қарорида мустаҳкамланган, деб хабар беради Адлия вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

Ҳужжатда қайд этилишича, ҳар йили 2 минг нафар фуқаро давлатдан кредит олиш имкониятидан фойдалана олади. Ушбу чегарага эришилгандан сўнг, аризалар қабул қилинмайди.

Ссуданинг максимал миқдори 40 та базавий ҳисоблаш миқдори – 15 миллион сўм (1160 доллар).

Пул олиш учун аризалар онлайн – my.gov.uz давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Бунда ссуда талабгори масалани кўриб чиқувчи комиссияга хорижий давлатдаги иш берувчи билан ариза берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномасини, ариза берувчи томонидан ссуда қайтарилмаганда, ушбу маблағларни қайтариш мажбуриятини ўз зиммасига олувчи кафил жисмоний шахснинг сўнгги 12 ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумот ва қарз шартномаси бўйича кафил бўлишга розилик аризасини тақдим этиши шарт.

Битим шартларига кўра, Work and Travel дастурининг ссуда олган иштирокчиси ўз давлатига келганидан сўнг бир ой ичида кредитни тўлаши шарт.

Ҳукумат қарорида қайд этилишича, ушбу таклиф қуйидаги мамлакатларга ишлаш ва саёҳат қилиш учун амал қилади:

✅ Европа Иттифоқи;

✅ Жанубий Корея;

✅ Япония;

✅ Буюк Британия;

✅ АҚШ;

✅ Канада;

✅ Австралия;

✅ Янги Зеландия.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ