Қозоғистон биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоева Олмаотадаги шифохоналардан бирида оғир аҳволда ётибди. Бу ҳақдаги маълумотлар 5 май куни эрталаб бир нечта Телеграм каналларида пайдо бўлган ва кейинроқ Қозоғистоннинг Kursiv.kz ва ORDA.kz нашрлари манбалари томонидан тасдиқланган.
Уларнинг маълумотларига кўра, собиқ президент рафиқаси Қозоғистон Республикаси Президенти ишлар бошқармасининг Тиббиёт маркази миллий госпиталига (аввали «Совминка» номи билан машҳур бўлган) ётқизилган. Унинг ёнида яқин қариндошлари борлиги айтилмоқда. Аёлнинг аниқ нима билан касаллангани номаълум.
Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. Собиқ президентнинг рафиқаси ёшлигида ишлаб чиқариш соҳасида ишлаган, кейинроқ иқтисодчи мутахассислиги бўйича таълим олган. 1992 йили у «Бөбек» болалар хайрия жамғармасига асос солиб, етим болаларга ёрдам берган ва мактабларда «Ўз-ўзини англаш» дастурини ишлаб чиққан.
У 1991 йилдан 2019 йилгача Қозоғистоннинг биринчи хоними бўлган, хайрия ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қўшган ҳиссаси учун қатор халқаро мукофотлар билан тақдирланган. Нурсултон Назарбоев билан турмушда учта қиз фарзанд кўрган.
Ўтган йил 26 декабрь куни BES.media Телеграм канали Сара Назарбоева ўлими ҳақида ёзган эди. Ўшанда бу маълумотни собиқ президентнинг матбуот котиби Айдос Укибай рад этганди. Эртаси куни нашр олдиндан тайёрланган некролог қораламаси техник хато туфайли чоп этилганидан афсус билдирган.