Ислом цивилизацияси маркази музейида қадимий петроглифлар тасвирлари намойиш этилади

Петроглифлар. woscu.org сайти фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази музейида Ўзбекистон ғорларидан топилган қадимий қоятош расмлари (петроглифлар) тасвирлари тўплами намойиш этилади. Бу ҳақда ИЦМ матбуот хизмати хабар берди.

Экспозиция пойтахт музейининг Исломгача бўлган цивилизациялар залида намойиш этилиши кутилмоқда. Қоя расмлари орасида республика жанубидаги Зараутсой, Тешиктош, Обирахмат ғорлари, Тошкент яқинидаги Чимён, Чотқол, Белдерсойдаги ғорлар, Навоий вилоятидаги Сармишсой ғорлари, шунингдек, Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Ҳисор тоғ тизмаларида жойлашган Сийпантош петроглифларининг нусхалари бор.

Марказий Осиёда 1300 дан ортиқ қоятош ёдгорликлари бор, улардан 250 таси Ўзбекистонда жойлашган. Жумладан, Зараутсойда 267 та чизма, Сийпантошда 822 та петроглиф мавжуд. Петроглифлар орасида қизғиш ва жигарранг тасвирлар мавжуд бўлиб, мутахассисларнинг фикрига кўра, улар охра ёрдамида яратилган. Табиат (ёмғир ва бошқа омиллар), шунингдек, одамлар таъсири туфайли улар йўқ бўлиб кетиш хавфи остида. Репликация петроглифлар ҳақидаги маълумотларни сақлаб қолиш имконини беради.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш ғояси контекстида амалга оширилаётган лойиҳадир. Марказ биносида музей жойлашган. Марказнинг очилиши 2025 йилга мўлжалланган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ