Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) собиқ депутати Султанбай Айжигитов ва унинг рафиқаси Гулзат Жўлдошова 30 апрель куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) ходимлари уларни қийноқларга солгани ва шафқатсизларча муносабатда бўлганини даъво қилиб, мамлакат президенти Садир Жапаров ва Бош прокурорга расмий баёнот билан чиқишди. Баёнотдан парчалар ижтимоий тармоқларда журналист Лейла Саралаева томонидан чоп этилган.
Мурожаатда Айжигитов Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси терговчиси Тенир Бўрубаев ва бир гуруҳ тезкор ходимларни, жумладан Аскер, Алибек ва бошқаларни унинг ҳаётига суиқасд уюштирганликда, ҳибсга олиш чоғида жисмоний ва руҳий зўравонлик қўллаганликда айблайди. Депутатнинг сўзларига кўра, унинг қўллари бўғимлар ёрилишигача чўзилган, бу эса уни ногиронликка олиб келган. Қўлга олиш чоғида оғирлиги 100 килограммга яқин бўлган МХДҚ ходими хотинининг устига ўтириб олган, натижада жабрланувчига ички жароҳатлар етказилган, аёл ҳатто сийдик пуфаги устидан назоратни йўқотган. Айжигитов, шунингдек, терговчиларнинг сувга қон босимини кескин тушириб юборувчи моддаларни қўшиб бериб, унинг ҳушини йўқотишигача уринишгани ҳақида гапирган.
Собиқ депутат ва унинг рафиқаси терговчи Бўрубаев ва унинг гуруҳини ишдан четлаштиришни, Ҳарбий прокуратура ёки Ички ишлар вазирлиги иштирокида холис тергов ўтказишни, айбдорларни қийноқлар, соғликка қасддан шикаст етказиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилади.
Айжигитов ўзига нисбатан қўзғатилган жиноий иш сиёсий мотивларга асослангани, ишда унинг айбига оид далиллар йўқлигини айтиб, тергов май байрами кунларида ишни тезроқ судга ўтказиш учун уриганини таъкидлаган.
Баёнотда Бош прокуратурадан зўравонлик ва қийноқлар фактлари бўйича халқаро стандартлар, жумладан, Истанбул протоколи асосида тергов ўтказиш, содир бўлган воқеа ҳақидаги маълумотларни яширган ёки бузиб кўрсатган мансабдор шахсларга нисбатан чора кўриш сўралади.
«Бугунги кунда терговчи Бўрубаев Президент ишлар бошқармасининг махсус касалхонаси реанимация бўлимида ётганимни яхши билса-да, мени чексиз тергов ҳаракатларига чақириш билан қўрқитмоқда, аввали ҳаётимга суиқасд қилишга уринишларни тўғрилаш мақсадида менга ва хотинимга бир қанча чақирув қоғозларини топширишда давом этмоқда. Агар Бўрубаев ва унинг гуруҳи олдига навбатдаги чақирувда менга ва хотинимга бирор кор-ҳол бўлса, уларни бу ишда асосий гумондор деб ҳисобланишини сўрайман», — дейилади хабарда.
ℹ️ Айжигитов муаммолари март ойи бошида Қирғизистон ҳукуматини Тожикистон билан давлат чегарасини делимитация қилиш масаласида танқид қилганидан сўнг бошланган. Депутат келишув Тожикистон томони учун қулай шартлар асосида тузилган, деб ҳисоблайди. Шундан сўнг «Ыйман нуру» фракцияси уни ўз аъзолигидан чиқариб ташлаган ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Айжигитовга нисбатан компромат тўплаганини маълум қилган. Март ойи охирида Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Айжигитовни депутатликка номзод сифатида рўйхатдан ўтишда судланганлигини кўрсатмагани учун депутатлик мандатидан маҳрум қилган. Айжигитовнинг ўзи эса сайловдан олдин у Ички ишлар вазирлигидан судланганлиги йўқлиги ҳақида маълумотнома олганини айтади.
Кўп ўтмай, Айжигитов мансаб ваколатини суиистеъмол қилишда айбланди: Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг маълумотларига кўра, 2022 йили парламент депутати бўлганида у хотинини Жогорку Кенеш аппаратида ёрдамчи қилиб тайинлаган. Айтилишича, Жўлдошева 2022 йил февралидан 2025 йил апрелигача иш ҳақи, мукофот ва бошқа тўловлар тарзида бюджетдан 3,2 миллион сомдан (36,6 минг доллар) ортиқ маблағни ноқонуний равишда олган. Эр-хотиннинг шов-шувли ҳибсга олинишидан сўнг дарҳол бўлиб ўтган суд жараёни уларни 2 июлга қадар уй қамоғида қолдирди. Бироқ, Айжигитов инсултда гумон қилиниб суд биносидан касалхонага олиб кетилган. Депутатнинг сўзларига кўра, унинг соғлиғи ёмонлашувига МХДҚ ходимлари томонидан шафқатсизларча ҳибсга олингани сабаб бўлган.