4 май куни Air Samarkand авиакомпанияси Самарқанддан Тел-Авивга янги халқаро йўналиш бўйича биринчи тўғридан-тўғри рейсни амалга оширди.
Маршрут очилиши муносабати билан Самарқанд ва Тел-Авив халқаро аэропортларида йўловчилар учун эсдалик совғалари ва ширин таомлари билан байрам тадбирлари ўтказилди.
«Тел-Авивга рейснинг очилиши авиакомпаниямиз учун муҳим босқичдир. Биз ҳар икки давлатдан сайёҳлар, зиёратчилар ва ишбилармон саёҳатчиларнинг доимий қизиқишини кўрмоқдамиз. Ишончим комилки, маршрут талабгир бўлади, Ўзбекистон ва Исроил ўртасидаги ҳаво қатновида мустаҳкам бўғинга айланади», — деди Air Samarkand бош директори Зафар Бутаев.
Ҳозирча парвозлар якшанба кунлари амалга оширилади, жорий йилнинг июль ойида эса пайшанба кунлари иккинчи рейс қўшилади. Парвоз вақти тахминан беш ярим соат. Рейслар юкланишга қараб Airbus A330 (313 ўриндиқ) ёки Airbus A321 (194 ўриндиқ) самолётларида амалга оширилади. Air Samarkand авиакомпаниясининг Исроилдаги расмий вакили Asia Travel Israel ҳисобланади.
ℹ️ Air Samarkand — Самарқанд халқаро аэропортида жойлашган Ўзбекистон авиакомпанияси. 2022 йил апрель ойида ташкил этилган. Ташувчининг парки Airbus A330, А321 ва А321neo самолётларидан иборат. Авиакомпаниянинг асосий мақсади Самарқанд шаҳри ва қўшни вилоятлар аҳолисига тўғридан-тўғри машҳур йўналишларга саёҳат қилиш, меҳмонларнинг Самарқандга оралиқ пунктларга қўнмасдан ташриф буюришини таъминлашдан иборат.