Тошкентнинг «Пахтакор» клуби португалиялик мураббийни истефога чиқарди

Педро Морейра. "Пахтакор" матбуот хизмати фотосурати

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби португалиялик мутахассис Педро Морейрани истефога чиқарди. Бу ҳақда журналист Нарзулла Сайдуллаев хабар берди.

Португалиялик мураббий «Пахтакор»да беш ой ишлади. Камолиддин Тожиев бош мураббий вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Морейрани истефога чиқариш қарори Ўзбекистон Суперлигасининг 8-турида «Пахтакор»нинг термизликлар «Сурхон» клуби билан учрашувда ютқазганидан сўнг қабул қилинган. Умуман олганда, португалиялик мутахассис бошқарувидаги Тошкент клубининг натижаларини ижобий дейиш қийин – унинг қўл остида Ўзбекистоннинг кўп карра чемпиони чемпионатнинг 8 учрашувида учтагина ўйинда ғалаба қозонди ва бештасида мағлуб бўлди. «Пахтакор» турнир жадвалида 12-ўринда бормоқда.

Морейранинг ягона жиддий ютуғи гуруҳ босқичида Қатарнинг «Ал-Гарафа» жамоаси устидан қозонилган ғалаба эвазига жамоанинг элит Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичига чиққани бўлди.

Эслатиб ўтамиз, «Пахтакор» раҳбарияти Морейра қўл остида бир қатор легионерлар билан шартнома имзолаган бўлиб, улар орасида уч нафар бразилиялик ва бир нафар колумбиялик ўйинчи бор. Бироқ, мураббий йўналтирилган сармояни оқламади.

Май ойи бошида Ўзбекистоннинг яна икки клуби бош мураббийларини ишдан бўшатди. Александр Хомяков илк бор Осиё Чемпионлар Лигасининг иккинчи босқичида иштирок этадиган «Андижон»ни тарк этди. Ғузорнинг «Шўртан» жамоаси Анвар Бердиевни истеъфога чиқарди.

Педро Морейра — 51 ёшли мутахассис. 2009 йилгача у Португалия ёшлар терма жамоаларида ишлаган. 2009 йили у аввалига «Спортинг» ёшлар жамоасида, кейинчалик «Пасуш де Ферейра», «Порту», «Брага», «Шахтёр» ва Италиянинг «Рома» клубларида Паоло Фонсеканинг ёрдамчиси бўлган. 2021 йилдан бошлаб у аввал Португалиянинг иккинчи дивизиони «Торренсе» клубида, сўнгра олий лиганинг «Каса Пиа» клубида мустақил ишлай бошлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ