Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани суди Фаррух Махаматов ва унинг онаси Феруза Махаматовани салкам 20 миллиард сўмлик (1,5 миллион доллардан ортиқ) фирибгарлик ишида айбдор деб топди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.
Махаматовлар — Arkenstone ва Vesco Cottage компаниялари эгалари. Улар Тошкентда арзон коттежлар қуриб, мижозларга 20 йилга бўлиб-бўлиб тўлашга сотиб олишни таклиф қилишган. Мижозлардан бор-йўғи 125 миллион сўм (9 700 доллар) миқдорида дастлабки тўловни амалга ошириш сўралган. Арзон уй-жой ваъдаси камида 161 кишини қизиқтириб қўйган.
Натижада Махаматовлар Arkenstone ҳисоб рақамига 8,6 миллиард сўм (660 минг доллардан ортиқ), Vesco Cottage ҳисобварағига 11,2 миллиард сўм (868 минг доллардан ортиқ) маблағ туширишга муваффақ бўлган. Қабул қилинган маблағлар банк карталарига ўтказилган, долларга айлантирилган ва Махаматовлар оиласининг Лондонда рўйхатдан ўтган электрон ҳамёнига ўтказилган.
Аслида компанияларнинг ерлари ҳам, қурилишни амалга ошириш нияти ҳам бўлмаган.
Жорий йилнинг март ойида суд 33 ёшли Фаррух Махаматовни фирибгарлик ва жиноий даромадларни легаллаштиришда айбдор деб топиб, унга 12 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини қатъий тартибли колонияда ўташга ҳукм қилган. Унинг 52 ёшли онаси 5 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум этилган.
Ҳукмда айтилишича, маблағлар ва криптоактивларнинг қарийб 8,5 миллиард сўм (659 минг доллар) қисми жабрланганларга товон тўлашга йўналтирилади, қолган сумма маҳкумлардан биргаликда ундириб олинади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси 2024 йил январь ойида Arkenstone ва Vesco Cottage эгалари ҳибсга олингани ҳақида хабар берганди. Шу билан бирга Махаматов ва унинг онаси фаолияти билан боғлиқ 600 минг доллардан ортиқ криптоактивлар мамлакатга қайтарилган.
👉 Фаррух Махаматов аввал ҳам фирибгарлик учун бир неча бор жиноий жавобгарликка тортилган. 2020 йили у турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган: апрель ойида – Олмазор туман суди қарори билан – 5 йилга, июлда – Қарши шаҳар суди қарори билан – 7 йилу 6 ойга, ноябрь ойида – Юнусобод туман суди қарори билан – 7 йилу 8 ойга.
Кейинчалик, 2022 йил 14 мартда Олмалиқ шаҳар суди томонидан ўталмаган 5 йил 1 ой 8 кунлик муддат иш ҳақининг 20 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолинган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари билан алмаштирилган. Ўша йилнинг 4 апрелида Махаматовлар Arkenstone компаниясини рўйхатдан ўтказишган ва бир йилдан кейин Vesco Cottage пайдо бўлган.