7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро ракета зарбалари икки томондан ўнлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди. Хусусан, Покистон ўз ҳудудида 26 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани, яна 46 нафари яралангани ҳақида хабар берди. Ҳиндистон 10 қурбон ва 48 киши яраланганини маълум қилди.
Ҳиндистон армияси Покистон ҳудудига ракета ҳужумини «Синдур» операцияси доирасида амалга оширган. Hindustan Times газетасининг ёзишича, операция Покистонда жойлашган террорчилик ташкилотларига қарши қаратилган. Бу 22 апрель куни 26 кишининг ҳаётига зомин бўлган Паҳалгамдаги терактга жавоб бўлган.
Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, тўққизта объектга ракета зарбалари берилган. Вазирликнинг таъкидлашича, «бирорта ҳам Покистон ҳарбий объектига ҳужум қилинмаган» ва Ҳиндистон нишон ва ҳужум усулларини танлашда вазминлик кўрсатган.
Кўп ўтмай Ҳиндистон оммавий ахборот воситалари «Синдур» операцияси натижасида 12 нафар «террорчи» йўқ қилингани ҳақида хабар тарқатди. Расмий Исломобод дастлаб саккиз киши ҳалок бўлганини тасдиқлаган, уларни «террорчи» деб атамаган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги қўшни давлат томонидан содир этилган ҳужумни «уруш ҳаракати» ва «минтақавий тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид» деб атаган. Шу билан бирга, мамлакат Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг аниқлик киритишича, унинг мамлакати қатъий жавоб беришга ҳақли. Бундан ташқари, ҳарбийлар ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ҳиндистон армиясининг бешта қирувчи самолётини, жумладан Францияда ишлаб чиқарилган Rafale самолётларини уриб туширганини айтган. Кейинчалик Покистон ракета ва артиллерия билан жавоб қайтаргани маълум бўлди.
Кейинроқ Покистон Мудофаа вазирлиги «Нью-Деҳли ўз фикридан қайтса» Исломобод Ҳиндистонга қарши ҳарбий амалиётларни тўхтатишга тайёр экан ҳақида баёнот берган.
Кўпгина давлатлар можаро томонларини кескинликни пасайтириш ва муаммони дипломатик йўллар билан ҳал қилишга чақирди. Хусусан, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистон ва Покистон «дўст давлатлар ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо» эканини таъкидлади.
«Қирғизистон ШҲТ аъзоси сифатида ташкилотга аъзо бўлган Ҳиндистон ва Покистонни масъулиятни намоён этишга ва ташкилот низомида белгилангани каби низоларни тинч йўл билан ҳал қилиш тамойилларига қайтишга чақиради», — дейилади вазирлик баёнотида.