БМТ Бош котиби Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди

Антониу Гутерриш. tass.ru сайти фотосурати

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги кескинликдан хавотир билдирди ва икки давлатни вазминликка чақирди. Сиёсатчининг баёноти БМТ сайтида чоп этилган.

Гутерришнинг сўзларига кўра, дунё Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий тўқнашувга йўл қўя олмайди. 7 майга ўтар кечаси давлатлар ўртасида рўй берган ракета зарбаларидан олдин ҳам БМТ Бош котиби тарангликни юмшатишда ёрдам беришни таклиф қилиб, бу масалани ҳарбий йўл билан ҳал қилиш имконсиз эканини таъкидлаган.

Ҳиндистон ва Покистон бир-бирининг ҳудудига ракета зарбалари бериб, ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлгач, дунёнинг кўплаб давлатлари вазиятга муносабат билдирди.

Жумладан, АҚШ президенти Дональд Трамп можаро кучайишини «шармандалик» деб атади. Унинг сўзларига кўра, одамлар нимадир содир бўлишини билишган, чунки Ҳиндистон ва Покистон «асрлар давомида курашиб келган». Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари қўшни давлатлар ўртасидаги ҳарбий қарама-қаршилик тез орада барҳам топишига умид билдирди.

Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио зудлик билан Ҳиндистон ва Покистон вакилларига қўнғироқ қилиб, уларни «алоқа каналларини очиқ сақлашга ва кескинлашувдан қочишга» чақиргани маълум бўлди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Паҳалгам шаҳрида содир этилган терактдан сўнг ҳарбий қарама-қаршилик кучайганидан чуқур хавотир билдирди. Унинг таъкидлашича, Россия Федерацияси террорчилик ҳаракатларини кескин қоралайди, унинг ҳар қандай кўринишларига қарши туради ва бу иллатга қарши самарали курашиш учун халқаро ҳамжамият бирлашиши зарурлигини таъкидлайди. Мулозима, шунингдек, минтақадаги вазият янада ёмонлашишига йўл қўймаслик учун можаро томонларини вазминликка чақирди.

«Умид қиламизки, Нью-Деҳли ва Исломобод ўртасидаги келишмовчиликлар 1972 йилдаги Симла келишуви ва 1999 йилдаги Лаҳор декларацияси қоидаларига мувофиқ икки томонлама асосда тинч, сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал қилинади», — деди Захарова.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Ҳиндистоннинг ҳарбий ҳаракатларидан таассуф билдириб, Ҳиндистон ва Покистон Хитойнинг қўшниси бўлишини ва ҳар доим бир-бирининг қўшниси бўлиб қолишини таъкидлади.

«Биз Ҳиндистон ва Покистонни тинчлик ва барқарорликни биринчи ўринга қўйишга, совуққон ва вазмин бўлишга ҳамда вазиятни янада мураккаблаштирадиган ҳаракатлардан қочишга чақирамиз», — деди дипломатик маҳкама.

ℹ️ Ҳиндистон армияси Покистон ҳудудига ракета ҳужумини ўз ичига олган «Синдур» операциясини амалга оширди. Қўшни давлат тез орада жавоб қайтарди. Натижада ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлди. Хусусан, Покистон ўз ҳудудида 26 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани, яна 46 нафари яралангани ҳақида хабар берди. Ҳиндистон 10 киши қурбон бўлганини ва 48 киши яраланганини маълум қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ