Май ойи бошида Тошкентда ўтказилган «Гуллар байрами» учун махсус экилган ўсимликлар тадбирдан сўнг қаровсиз қолдирилган. Уларнинг аксарияти оёқ ости қилинган, сўлиган ва қурий бошлаган, деб хабар беради Ekolog.uz Телеграм-канал маъмурлари.
Фаолларнинг таъкидлашича, «Гуллар байрами» пойтахт аҳолиси ва меҳмонларга баҳорий кайфиятдан баҳраманд бўлиш, кўплаб гўзал гуллар навларини кўриш имконини берган. Аммо байрам тугаганидан сўнг вазият кескин ўзгарган. Ўсимликлар ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолган.
«Мантиқий савол туғилади: фестивалдан кейин бу гулларга нима бўлади? Ҳақиқатан ҳам улар фақат бир марталик намойиш учун мўлжалланганми, сўнг ҳеч кимга кераксиз бўлиб қолдими? Ахир булар шунчаки ўсимликлар эмас — улар шаҳарнинг яшил қиёфаси, унинг экологияси ва шинамлигининг бир қисмидир», — дейилади Ekolog.uz канали хабарида.
Пост муаллифлари бундай оммавий тадбирлар яшил майдонларга ғамхўрлик қилишнинг аниқ режаси билан бирга бўлиши кераклигига эътибор қаратишади, акс ҳолда «фестивал учун экилган — сўнгра унутилган» муносабати жамиятда масъулиятсизлик ва ресурсларни исроф қилиш туйғусини келтириб чиқариши мумкин.
Шунингдек, канал маъмурлари масъул ташкилотлар ушбу муаммони кўриб чиқишига ва келажакда гуллар вақтинчалик безак сифатида эмас, балки шаҳарни ободонлаштириш элементи сифатида қабул қилинишига умид билдиради.
ℹ️ Эслатиб ўтамиз, Tashkent Flower Fest 2025 гуллар фестивали 1-3 май кунлари шаҳар марказида – Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона олдидаги майдонда бўлиб ўтди.
Тадбир ташкилотчилари – пойтахт ҳокимлиги маълумотларига кўра, декоратив ландшафтларни яратиш учун 2,5 миллиондан ортиқ тирик гуллар ва 10 мингга яқин дарахт ва буталардан фойдаланилган. Фестивалдан кўзланган мақсад — жамоатчилик эътиборини экологик таълим, табиатни асраш, экологик маданиятни шакллантириш ва «яшил» иқтисодиёт тамойилларини ривожлантириш масалаларига жалб этишдир.