ОАВ: Покистоннинг Лаҳор шаҳри аэропорти яқинида портлашлар рўй берди

dawn.com сайти фотосурати

8 май куни эрта тонгда Покистоннинг Лаҳор шаҳри аэропорти яқинида кетма-кет портлашлар рўй берди. Айни вақтда аэропорт яқинидаги ҳудудда Ҳиндистон разведкачи дрони уриб туширилди, деб хабар берди Samaa TV маҳаллий полициядаги манбаларга таяниб.

Телеканал маълумотларига кўра, гувоҳлар мамлакатнинг иккинчи йирик шаҳри Лаҳорнинг бир қанча ҳудудларида «кўп сонли портлашлар»ни эшитишган. Ҳодиса Уолтон аэропорти яқинида юз берган. Одамлар ваҳима ичида уйларидан югуриб чиқишган, осмонда тутунли булутлар кўринган. Воқеа жойида қутқарувчилар ва терговчилар ишламоқда.

Полиция расмийларининг журналистларга маълум қилишича, аэропорт тепасида тахминан икки метр узунликдаги ҳинд учувчисиз учувчи аппарати кузатилган. Покистон хавфсизлик кучларига кўра, дроннинг мақсади «заиф ҳудудларни кузатиш» бўлган. Натижада, дрон бостириш тизими томонидан уриб туширилган.

Вазият кескинлашган бир пайтда расмийлар эрталаб аэропортни тижорат рейслари учун ёпган. Ўрнатилган чекловлар туфайли бир нечта самолёт Карачига йўналтирилган.

ℹ️ 7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон армияси «Синдур» операцияси доирасида Покистон ҳудудига ракета ҳужумини амалга оширган. Қўшни давлат тез орада жавоб қайтарган. Натижада ҳар икки томондан ўнлаб одамлар ҳалок бўлган. Хусусан, Покистон ўз ҳудудида 26 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани, яна 46 нафари яралангани ҳақида хабар берди. Ҳиндистон 10 қурбон ва 48 киши яраланганини маълум қилди.

Бироқ, Ҳиндистоннинг NDTV телеканалига кўра, ҳужумда камида 70 нафар «террорчи», жумладан, юқори ва ўрта даражали қўмондонлар ҳалок бўлган. Бундан ташқари, зарбалар фақат «террорчилик фаолияти марказлари» деб белгиланган ҳудудларга берилган. Покистон, ўз навбатида, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучларининг бешта қирувчи самолётини уриб туширганини маълум қилди.

Можаронинг кучайиши муносабати билан БМТ, шунингдек, кўплаб давлатлар, жумладан, АҚШ, Россия, Хитой ва Марказий Осиё давлатлари расмийлари Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка ва зиддиятли масалаларни дипломатик йўллар билан ҳал қилишга чақирди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ