Жорий йилнинг 1 июлидан Қирғизистонда хавфсизлик хизмати ходимлари маоши 35 фоизга, 1 сентябрдан эса шартнома бўйича хизмат ўтайдиган ҳарбий хизматчиларга тўланадиган тўловлар ҳам шу миқдорда ошади. Бу ҳақда Республика Президенти Садир Жапаров Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан табрик сўзида айтиб ўтди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Мамлакат раҳбари маошларни ошириш шунчаки қўллаб-қувватлаш эмас, балки хавфсизлик кучлари ва армиянинг фидокорона меҳнатини, «душман билан чегарада, халқ ҳимоясида» ўтказган уйқусиз тунларини эътироф этиш эканини таъкидлади. Президент қўшимча қилишича, Қирғизистоннинг қўшнилари билан баҳсли ҳудудлари йўқ, ҳудуднинг ҳар бир метри қайд этилган, чегара тўсиқлари ўрнатиш ишлари бошланган.
«Биз жаҳон ҳамжамиятига ҳатто энг долзарб ва мураккаб масалаларни ҳам тинч йўл билан қилиш мумкинлигини исботладик», – деди Жапаров.
Унга кўра, 2020 йилга нисбатан Республика Қуролли Кучлари бюджети 400 фоиздан кўпроққа ошган. Армия замонавий қурол-яроғлар билан таъминланиб, моддий-техник таъминот билан ҳарбий шаҳарчалар ва гарнизонлар инфратузилмаси ривожлантирилмоқда. Бундан ташқари, ҳарбий оилалар жамиятда ўзларини ишончли ҳис қилишлари учун иш ҳақи ва ижара тўловлари миқдори оширилмоқда.
Жапаров ўз нутқининг асосий қисмини Улуғ Ватан уруши фахрийлари ва фронт меҳнаткашларига бағишлади. Президент Иккинчи жаҳон урушини «инсоният тарихидаги миллионлаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган энг даҳшатли фожиа» деб атади. У Марказий Осиё давлатларидан деярли барча эркаклар фронтга кетганини таъкидлади; хусусан, Қирғизистоннинг ҳар тўртинчи фуқароси фашистлар Германиясига қарши курашган. Қолаверса, уларнинг ярми уйга қайтмаган, кўплари яраланиб, ногирон бўлган.
«Биз Совет Иттифоқининг барча халқлари вакиллари билан елкама-елка курашган, буюк Манасдан мерос бўлиб қолган қаҳрамонлик ва қўрқмаслик намунасини бутун дунёга кўрсатган аждодларимизни фахр билан эслаймиз», — деди президент.
Жапаровнинг таъкидлашича, уруш йилларида 360 мингдан ортиқ қирғиз фуқаролари фронтга кетган, яъни ўша пайтдаги республика аҳолисининг тўртдан бир қисми бўлган. Бироқ, давлат раҳбари қўшимча қилганидек, янги тадқиқотлар шуни кўрсатадики, фронга кетган сони бундан да кшп.
Президент нафақат аскарларнинг, балки ўз қўллари, саъй-ҳаракатлари, руҳи билан жангчиларнинг таянчига айланган фронт орти меҳнаткашларининг ҳам жасоратига урғу берди.
«1941-1945 йиллари Қирғизистонда минглаб мутахассислар: пулемётчилар, миномётчилар, 1 ва 2-даражали милтиқчилар, шунингдек, ҳамширалар, тиббиёт инструкторлари ва бошқаларни тайёрлаганини таъкидлаш муҳим», — деди давлат раҳбари.
Жапаровнинг қўшимча қилишича, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, уруш ногиронлари, концлагер асирлари, «Ленинград мудофааси учун» медали соҳиблари ва бошқа тоифадаги фуқароларга ҳар ой 10 минг сомдан (114 доллар) маош тўланишига оид фармонга имзо қўйган. Президент, шунингдек, илгари ҳар бир Улуғ Ватан уруши қатнашчисига 100 минг сом (1143 доллар) миқдорида бир марталик моддий ёрдам кўрсатилганини эслатди.
«Буюк Ғалабага Совет Иттифоқининг барча халқлари дахлдор. Демак, бу умумий Ғалаба, ҳар биримизнинг Ғалабамиз! Ғалаба қозонганлар жасорати тинч яшашга интилаётган бутун инсоният учун маёқ бўлиб қолади», — дея хулоса қилди Жапаров.