Андижон вилоятида канал қирғоғи ўпирилиши оқибатида 100 га яқин хонадонга сув кирган

Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Андижон вилоятидан оқиб ўтувчи Жанубий Фарғона магистрал каналининг ПК-194+60 пикетидаги тўғоннинг емирилиши натижасида яқин атрофдаги 100 га яқин хонадонни сув босган. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирликнинг таъкидлашича, 30 хонадонни ичига, 70 та хонадонни томорқасига сув кирган. Маълумки, фавқулодда ҳолат оқибатида Булоқбоши тумани Сарвонтепа маҳалласи яқинидаги канал қирғоқларидан бирига шикаст етган.

Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ. ФВВ ходимларининг таъкидлашича, мутахассислар ҳодиса оқибатларини бартараф этишмоқда, вазият назорат остида.

Республика Сув хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, тўғондаги авария 8 май куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 8:00 да содир бўлган. Бундан ташқари, айнан шу майдонда кичик ГЭС қурилиши давом этмоқда. Мазкур объект Андижон, Фарғона вилоятлари ва қўшни Қирғиз Республикаси ҳудудларидаги ижтимоий объектлар ва қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув билан таъминлашга хизмат қилади.

Воқеа содир бўлган вақтда канал орқали секундига 60 куб метр сув оқиб ўтаётган бўлиб, рухсат этилган қуввати секундига 80 куб метрни ташкил қилган. Фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун Андижон сув омборидан сув чиқиши тўхтатилган. Каналдаги ўтган сув Қуйи Жанубий Фарғона каналига йўналтирилмоқда

Фавқулодда ҳодиса жойида Сув хўжалиги вазирлиги раҳбарияти номидан тузилган ишчи гуруҳ ишламоқда. Мутахассислар ҳодиса сабабларини ўрганиб, аварияни бартараф этиш чораларини назорат қилмоқда. Тўғонни тиклаш бўйича тезкор штаб ташкил этилган бўлиб, унга 50 дан ортиқ ходим жалб қилинган, шунингдек, самосваллар, автокранлар, булдозерлар, экскаваторлар ва бошқа махсус техникалар жалб этилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ