Мирзиёев Тошкентдаги Ғалаба боғида ўрнатилган «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида пойтахтдаги Ғалаба боғига ташриф буюрди. Давлат раҳбари бу ерда «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйиб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига бағишланган «Хотира нури» янги композициясини кўздан кечирди. Бу ҳақда республика раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Боғдаги ҳар бир ёдгорлик, тимсол ва битиклар мудҳиш уруш ҳақиқатларини ифода этади, ўзбек халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини урғулайди.

Сўнгги йилларда шаклланган анъанага мувофиқ, давлат раҳбари «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Бу муаззам обида урушда халқимиз чеккан азоб-уқубатлар, матонат ва йўқотишларнинг ифодасидир.

Ҳужжатларнинг далолат беришича, фашизмга қарши қонли жангларда ўша пайтда 6 миллион 800 минг нафарни ташкил этган республика аҳолисининг қарийб 2 миллион нафари иштирок этган. Шундан 540 мингга яқини ҳалок бўлган, 158 минг нафари бедарак йўқолган, 50 мингдан ортиғи концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар туфайли ҳалок бўлган, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб қайтган.

Ўзбекистон уруш йилларида фронтнинг мустаҳкам таъминот базасига айланган, жанг майдонларига жуда катта миқдорда ҳарбий техника, қурол-яроғ, кийим ва озиқ-овқатлар етказиб турилган.

«Бундай мураккаб ва шонли ғалабага муносиб ҳисса қўшган матонатли халқимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Бу қаҳрамонликларни ҳеч қачон унутмаслигимиз, ёшларимизга етказишимиз керак. Айниқса, ҳозирги таҳликали замонда бунинг аҳамияти ниҳоятда катта», — деди Мирзиёев.

Президент шунингдек, Ғалаба боғида ўрнатилган янги «Хотира нури» композицияси билан ҳам танишди. У Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида меҳнат қилган ўзбекистонлик қаҳрамонлар хотирасига бағишлаб барпо этилган. Монумент парвоз қилаётган икки қуш шаклида бўлиб, катта ва ёш авлодлар ўртасидаги ворисийликни ифодалайди. Асар тарихий мерос ва замонавий санъатни ўзида мужассам этган. Унга QR-ҳавола ўрнатилган бўлиб, ташриф буюрувчилар мажмуа ва уруш қаҳрамонлари ҳақида ўқиши, «Хотира нури» китобини юклаб олиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги «Миллат фидойилари» хиёбонида бўлди. Давлат раҳбарининг ғояси асосида ташкил этилган ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган. Президент шу ерда марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан учрашди.

«Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шунингдек, президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклади.

«Сизларнинг қаҳрамонлигингиз туфайли бугунги авлодлар шундай тинчлик-форовонликда яшаяпти. Бу тинчликнинг қадрини ёшларимизга сизлар орқали етказишимиз керак. Ҳаётингизнинг ўзи бизга намуна. Ҳар бир гапингиз жуда катта таълим, билим. Илоҳим, соғлиғингиз мустаҳкам бўлиб, кўп йиллар фахримиз, дуогўйимиз бўлиб юринг», — деди президент.

Давлат раҳбари матбуот хизмати Мирзиёев фармонига кўра Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари, уларга тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм (тахминан 2 минг доллар), фронт орти меҳнаткашларига 3 миллион сўм (230 доллар) миқдорида бир марталик нафақа олиш ҳуқуқи белгилангани, кўплаб фахрийлар юбилей медаллари билан тақдирланиб, давлатдан қўшимча имтиёзларга эга бўлганини эслатади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ