Ўзбекистонда россиялик мутахассислар иштирокида атом саноати муҳандисларини тайёрлаш йўлга қўйилади

"Ўзатом" матбуот хизмати фотосурати

«Ўзатом» агентлиги, «Росатом» давлат корпорацияси ва «МИФИ» Миллий тадқиқот ядро университети ўртасида мазкур университетнинг Тошкент филиали ҳузурида Илғор муҳандислик мактабини очиш бўйича шартнома имзоланди. Таълим муассасаси атом саноати бўйича мутахассислар тайёрлайди, дейилади «Ўзатом» матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, уч томонлама ҳужжат имзоланиши 15 май куни олий ўқув юрти раҳбариятининг «Ўзатом» директори Азим Ахмедходжаев ва «Росатом» бош директорининг кадрлар бўйича ўринбосари Татьяна Терентьева бошчилигидаги делегациялар билан учрашуви доирасида бўлиб ўтган.

Музокараларнинг асосий мавзуси республикада йирик атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширишни ўз ичига олган Ўзбекистон атом энергетикаси дастури учун кадрлар тайёрлаш бўлди. Томонлар ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Марказий Осиё республикаси энергетиклари учун «Росатом» объектларида стажировка ўташини ташкил этиш, кадрлар тайёрлаш ва бошқаришда рақамли технологияларни жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Натижада «МИФИ»нинг Тошкент филиали қошида муҳандислик мактаби очилиши маълум қилинди. Қайд этилишича, мазкур таълим муассасаси Ўзбекистон атом энергетикасини ривожлантиришда етакчи рол ўйнайдиган мутахассисларни тайёрлаш учун ўзига хос майдонга айланади.

Бундан ташқари, мутахассислар томонидан университет таълим ва илмий фаолиятининг устувор йўналишларини ўз ичига олган «МИФИ» Тошкент филиалининг 2025-2026 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилган.

Ахмедходжаев Ўзбекистонда биринчи АЭС лойиҳасини амалга оширишда Россия давлат корпорацияси билан ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар муҳим ўрин тутишини, бу ташриф икки давлат ўртасида атом энергетикаси соҳасидаги шерикликни чуқурлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ