CASA-1000 лойиҳаси иштирокчилари Тожикистондаги йиғилишда техник кодексни тасдиқладилар

MEWR.TJ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Тожикистон Миллий кутубхонаси биносида бўлиб ўтган CASA-1000 минтақавий электр энергиясини узатиш лойиҳаси ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилишида Техник кодекс тасдиқланди. Ушбу ҳужжатга риоя қилиш, айниқса, Марказий ва Жанубий Осиё энергетика тизимларининг параллел интеграцияси шароитида муҳим аҳамият касб этади, дея хабар беради Тожикистон Энергетика ва сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда кенг кўламли лойиҳани амалга ошираётган тўртта давлат вакиллари иштирок этди. Хусусан, Тожикистон Энергетика вазирлиги раҳбари Далер Жума, унинг Қирғизистон ва Покистондаги ҳамкасблари мос равишда Таалайбек Ибраев ва Сардор Хон Легарий (онлайн форматда), шунингдек, Da Afghanistan Breshna Sherkat бош директори Шеркат Абдул Бари Умар.

Қайд этилишича, Техник кодекс қўшма ишчи гуруҳ саъй-ҳаракатлари билан ишлаб чиқилган. Ҳужжат CASA-1000 доирасидаги асосий келишувлар рўйхатига киритилган ва лойиҳада иштирок этувчи мамлакатлар энергетика тизимларини бирлаштириш учун муҳим аҳамиятга эга.

Кенгаш йиғилишида сўзга чиққан Жума Тожикистон ва Қирғизистонда қурилиш ишлари якунланганини таъкидлади. У жорий йил март ойида 500 кВ «Датка-Суғд» электр узатиш линияси ишга туширилгани ва бугунги кунда ундан Марказий Осиёнинг ҳар икки республикаси электр энергияси истеъмолчилари манфаати учун фойдаланилаётганини эслатди. Вазирнинг сўзларига кўра, шу йил охиригача Покистонда ҳам шунга ўхшаш ишлар якунланиши, сўнгра лойиҳа Афғонистонда ҳам амалга оширилиши кутилмоқда.

«Тўртта давлатда эришилган сезиларли муваффақиятлар нафақат давлатларнинг саъй-ҳаракатлари, балки ушбу стратегик ва минтақавий лойиҳани амалга оширишда халқаро молия институтлари ва ривожланиш бўйича ҳамкорларнинг доимий қўллаб-қувватлаши ва конструктив ҳамкорлиги самарасидир», — дея хулоса қилди Жума.

Учрашув якунлари бўйича томонлар, шунингдек, Ишчи гуруҳлар йиғилиши баённомаси, CASA-1000 лойиҳаси Ҳукуматлараро кенгашининг Қўшма баёноти ва бошқа ҳужжатларни имзоладилар.

ℹ️ 1,16 миллиард долларлик CASA-1000 Марказий ва Жанубий Осиё электр энергияси лойиҳаси Қирғизистон ва Тожикистондан ортиқча ресурсларни Афғонистон ва Покистонга экспорт қилади. Бунинг учун 1 минг 387 километр электр тармоғи ва иккита нимстанция қуриш режалаштирилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ