Қирғизистон Олий суди собиқ Бош вазир Сапар Исаковга нисбатан ишни қайта кўриб чиқади

Сапар Исаков. interfax.ru сайти фотосурати

Қирғизистон Олий суди собиқ Бош вазир Сапар Исаковнинг коррупцияда айбланиб, узоқ муддатга қамалгани билан боғлиқ барча ҳукмларни бекор қилди. Сиёсатчига нисбатан қўзғатилган жиноят иши қайта кўриб чиқилади, деб ёзади 24.kg Олий суд матбуот хизматига таяниб.

Шу тариқа, жорий йил 29 апрель куни республика олий суд органи Бош прокуратура ва адвокатнинг Исаковга нисбатан жиноят ишини «янги очилган ҳолатлар туфайли» қайта кўриб чиқиш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирди.

Шу муносабат билан Бишкек шаҳар Свердловск туман судининг 2019 йил 6 декабрдаги, Бишкек шаҳар судининг 2020 йил 23 мартдаги ҳукмлари, Олий суднинг 2020 йил 22 июнь ва 2021 йил 2 мартдаги қарорлари бекор қилинди. Бундан ташқари, янги суд жараёни Свердловск туман суди томонидан ўтказилади, аммо бошқа таркиб билан.

ℹ️ Алмазбек Атамбаевнинг ўнг қўли ҳисобланган Исаков 2018 йил ёзида ҳибсга oлинганди. Ўшанда собиқ президентнинг ўз вориси Сооронбай Жеенбеков билан муносабатлари ёмонлаша бошлаган, шу боис собиқ Бош вазир таъқибга олингани сиёсий баҳоланди.

Собиқ Бош вазирга нисбатан бир қанча ишлар текширилган. Жумладан, Давлат тарих музейи ва Чўлпон-Ота шаҳридаги ипподромни реконструкция қилишда содир этилган қонунбузарликлар. Исаков дастлаб 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, бироқ кейинроқ Олий суд ҳукмни бекор қилган.

Шу билан бирга, сиёсатчи Бишкек ИЭСни модернизация қилишдаги коррупцияда айбланиб, 15 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ушбу ҳукм 2025 йил апрель ойининг охиригача ўз кучини сақлаб қолган.

2020 йили Қирғизистонда ҳокимият алмашиши билан якунланган октябрь воқеалари чоғида Исаков қамоқдан озод қилинган эди. Ўшанда унга «таътил» берилгани хабар қилинганди, бироқ маҳкум жазони ўташни давом эттириш учун колонияга қайтмаган. Ўша йилнинг 26 октябрида собиқ Бош вазир халқаро қидирувга берилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ