Қозоғистон прокуратураси журналист Содиқов қотиллигида гумонланаётган шахсларни сўроқ қилишдан бош тортди

Айдос Содиқов. Ижтимоий тармоқдаги фотосурат

Қозоғистон Бош прокуратураси мухолифатчи журналист Айдос Содиқовнинг ўлдирилишида гумонланувчиларни сўроқ қилишдан бош тортди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Наталья Содиқова маълум қилди, дея хабар берди Инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги бўйича Қозоғистон халқаро бюроси.

Украина Бош прокуратураси, Содиқованинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги ҳамкасбларидан гумонланувчилар Алтай Жаканбаев ва Мейрам Каратаевларга нисбатан сўроқ ва бошқа тергов ҳаракатларини ўтказишдан бош тортгани ҳақида расмий жавоб олган. Рад этиш сабаби «далиллар етарли эмас» лиги билан изоҳланган.

Наталья Содиқова, аксинча, Украинада (журналистнинг ўлдирилиши Киевда содир бўлган – таҳр. изоҳи) «Айдос Содиқовни ўлдирганлар Жаканбаев ва Каратаев бўлганлиги тўғрисида жуда кўп далиллар бор» деб даъво қилади. Ва бу далиллар, унинг сўзларига кўра, Қозоғистон томонига тақдим этилган.

Содиқова «суд Жаканабаевни гаров эвазига қўйиб юборган, улар ҳатто Қаратаевни қидирмаяпти ҳам», дея қўшимча қилиб, Қозоғистон ҳукумати «қотилларни яшираётганини» тахмин қилади.

Айдос Содиқов миллионлаб аудиторияга эга YouTubeдаги «Бәсе» каналининг муаллифи, 2014 йилдан бери оиласи билан Украинада яшаган. У ватанида ижтимоий, миллий ёки диний адоват қўзғатишда айбланиб қидирувга берилган.

18 июнь куни Киевнинг Шевченковский туманида номаълум шахс Содиқовга ўқ узган. Суиқасддан кейин мухолифатчи операция қилинган. 19 июнь куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон суиқасд бўйича тергов ишларида ёрдам беришга тайёрлигини айтган. Кўп ўтмай, Украина полицияси суиқасд уюштиришда гумонланувчилар шахсини аниқлаган — улар Қозоғистоннинг икки фуқароси Алтай Жаканбаев ва Мейрам Қаратаев бўлиб чиққан. Жиноят содир этгандан сўнг улар Украинани тарк этишган. 22 июнь куни Қозоғистон Бош прокуратураси Жаканбаевнинг ҳибсга олинганини эълон қилиб, унинг ўзи полиция бўлимида келганини таъкидлаган. Қаратаев ҳанузгача қидирувда.

Мейрам Қаратаев аввали ички ишлар органларида хизмат қилгани маълум. «Республика» интернет нашри иккинчи гумонланувчи Жаканбаевнинг Қозоғистон хавфсизлик кучлари билан алоқадорлигини аниқлаган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ