Жаҳон банки Афғонистондаги пудратчиларга истисно тариқасида «Толибон»* ҳокимият тепасига келишидан олдинги қарзларини тўлайди. Бу ҳақда Ariananews хабар берди.
Тўловлар собиқ Афғонистон ҳукуматининг Жаҳон банки томонидан молиялаштирилган лойиҳалар бўйича ёлланган ва ўз ишларини 2021 йил 15 августгача якунлаган пудратчилар олдидаги тўланмаган қарзлари билан боғлиқ, дейди муассаса.
«Банк шартнома бўйича бирор томон ҳисобланмайди. Шартномалар Афғонистон ҳукумати ва пудратчилар ўртасида тузилган, шунинг учун бу тўловлар учун жавобгарлик Жаҳон банки эмас, ҳукумат зиммасига тушади. Бироқ, Жаҳон банки ҳар томонлама мустақил текширувдан сўнг истисно тариқасида тўлов жараёнини осонлаштиришга ёрдам беришга қарор қилди», — дейилади баёнотда.
Tolonews хабарига кўра, Жаҳон банки Афғонистон логистика ва қурилиш компаниялари олдидаги қарийб 50 миллион доллар миқдоридаги қарзларни тўлайди. Тўловлар Молия вазирлиги орқали тўрт босқичда амалга оширилади. Биринчи транш 10,8 миллион долларни ташкил этади, қолган 39,1 миллион доллар эса кейинги уч босқичда ўтказилади.
ℹ️ «Толибон» ҳокимиятни қўлга киритгач, Жаҳон банки Афғонистонга ёрдам дастурини тўхтатган эди. 2020 йилдан бери банк дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларини қўллаб-қувватловчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (IDA) орқали мамлакатдаги реконструкция ва ривожланиш лойиҳаларига қарийб 5,3 миллиард доллар йўналтирган. 2021 йил апрель ҳолатига кўра, Афғонистонда умумий қиймати 940 миллион долларга тенг 12 та фаол IDA лойиҳаси мавжуд. Бундан ташқари, Жаҳон банкининг махсус жамғармаси ҳисобланган Афғонистонни қайта тиклаш траст фонди томонидан қиймати 1,2 миллиард долларлик 15 та лойиҳа амалга оширилаётган эди. Банкнинг ўзи Афғонистон ҳукумати ташкилотга аъзо 189 та давлат томонидан қонуний деб тан олинмаса, унга маблағ ажрата олмаслигини таъкидлаганди.
*21 май ҳолатига кўра, «Толибон» ҳаракати Россияда террорчи сифатида тан олинган ташкилотлар рўйхатида қолмоқда.