Тожикистонда TJ-IX (Tajikistan Internet Exchange) деб номланган биринчи Миллий интернет-трафик алмашинув узели иш бошлади. Лойиҳа «Тожиктелеком» негизида республика ҳукумати ҳузуридаги Алоқа хизмати кўмагида яратилган, деб хабар беради «Азия-плюс» нашри.
Алоқа хизмати TJ-IX нинг ишга туширилиши Тожикистоннинг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам эканлигини таъкидлади. Янги узел провайдерлар ва бошқа ташкилотлар ўртасида тўғридан-тўғри интернет-трафик алмашинувини таъминлайди, бу интернет хизматлари тезлиги ва сифатини оширади, маълумотларни узатишдаги кечикишларни камайтиради ва халқаро йўналишларга боғлиқликни камайтиради. Бундан ташқари, TJ-IX Тожикистоннинг рақамли мустақиллигини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
TJ-IX нинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:
✅ кечикишларни камайтириш ва Интернетга уланиш тезлигини ошириш;
✅ халқаро трафик учун харажатларни камайтириш;
✅ киберхавфсизлик ва рақамли суверенитет даражасини ошириш;
✅ ягона рақамли экотизим ва провайдерлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик платформасини яратиш.
TJ-IX нинг ўтказиш қуввати 500 Гбит/с га етади ва кафолатланган фойдаланиш вақти 99,99% ни ташкил қилади. Тармоқ замонавий IPv4 ва IPv6 протоколларини қўллаб-қувватлайди ҳамда мониторинг ва хавфсизлик воситалари билан жиҳозланган.
TJ-IX га интернет провайдерлари, давлат идоралари, хусусий компаниялар, таълим ташкилотлари, маълумотлар марказлари ва контент етказиб бериш тармоқлари (CDN) уланиши мумкин. Бутун мамлакат бўйлаб минтақавий уланиш нуқталарини яратиш, халқаро рақамли платформалар билан интеграциялашув ва университет тармоқларини улаш орқали лойиҳани кенгайтириш режага киритилган.