Жорий йили Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия институтлари билан биргаликда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, уй-жойларни канализация тармоғига улаш бўйича 21 лойиҳани амалга оширишни режалаштирган. Бу ишларга 800 миллион доллар сарфланади. Бундай рақамлар 27 май куни мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган ихтисослаштирилган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Ушбу лойиҳалар доирасида 138 та гидротехник иншоот фойдаланишга топширилади. Бундан ташқари, йил охиригача 1 минг 619 километр сув тармоқлари, 521 километр канализация тармоқларини ётқизиш, 162 объектни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган.
Мутасаддиларнинг маълумотларига кўра, бу ишлар якунлангач, 715 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етиб боради, яна 400 минг нафари оқова хизмати билан қамраб олинади.
Мажлисда Осиё тараққиёт банки ва Германия таррақиёт банки билан лойиҳа олди молиялаштириш бўйича яхши тажриба йўлга қўйилгани таъкидланди. Бунда пудратчи ва лойиҳачи олдиндан танлангани учун амалий ишлар бошланиши тезлашди. Келгусида барча лойиҳаларда шу тартибни қўллаш мақсадга мувофиқлиги айтилди.
Мутасаддилар Президентга сув таъминоти соҳасида замонавий технологиялардан фойдаланиш юзасидан ҳисобот берди. Хусусан, тизимни рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион АҚШ доллари жалб этилди. Бу лойиҳа доирасида беш йилда йирик сув иншоотлари ва магистрал қувурларга 4 минг 800 та «ақлли» ҳисоблагич ва қарийб 3 мингта телеметрия тизими ўрнатилади. Шунингдек, янги талабларга жавоб берадиган мутахассисларни тайёрлаш зарурлиги ҳам муҳокама қилинди.
Умуман олганда, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари таъкидлашича, аҳолининг турмуш сифати ва саломатлигида ғоят муҳим бўлган бу йўналиш изчил кенгайтириб борилмоқда. Ижтимоий ва ҳудудий дастурлар доирасида кўплаб иншоотлар барпо этилмоқда. Ҳозирга келиб, аҳоли мавзеларининг 81 фоизи ичимлик суви, 20 фоизи оқова тизими билан таъминланган.