Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси Душанбеда Тожикистонда биринчи ядровий тиббиёт марказини барпо этади. Бу ҳақда Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин билан учрашувда маълум қилди, дея хабар беради «Азия-Плюс».
Нашрнинг республика Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб қайд этишича, мазкур лойиҳа бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши 2023 йил июл ойида бўлиб ўтган. Тожикистон ҳукумати ва «Росатом» давлат корпорацияси Душанбеда ядровий тиббиёт марказини яратиш бўйича «йўл харитаси»ни ишлаб чиққан ва тасдиқлаган. Шу билан бирга, мамлакатдаги онкологик касалликларнинг жорий кўрсаткичларини ҳисобга олган ҳолда муассаса учун лойиҳа тайёрланган.
Марказнинг умумий майдони 5000 квадрат метр бўлиб, йилига 2500 нафар беморни қабул қилиши режалаштирилган.
Унинг таркибига диагностика ва даволаш бўлимлари, 10 ўринли стационар, шунингдек, ўқув-услубий марказ киради. Диагностика бўлимида радиоизотоп диагностика блоки, циклотрон-радиокимёвий мажмуа, позитрон-эмиссия томографияси (ПЭТ) ва магнит-резонанс томография (МРТ) ускуналари ўрнатилиши режалаштирилган.
Терапевтик бўлимда 10 ўринли консультация ва стационар бўлим, радиотерапия билан даволаш бўлими, радиофармацевтик препаратлардан (радиоизотоплар) фойдаланадиган даволаш бўлими, шунингдек, замонавий чизиқли тезлатгичларда нур терапияси бўлими ва брахитерапия мосламаси жойлаштирилади.
Бўлажак марказ учун кадрлар тайёрлаш дастури ҳам Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, республика вилоятларида ҳам. Зарур ҳолларда Тожикистон Миллий фанлар академияси Агентлигининг кимёвий, биологик, радиациявий ва ядро хавфсизлиги бўйича минтақавий ўқув маркази бу иш билан шуғулланади. Бундан ташқари, Давлат миллий университети ва Тожикистон давлат тиббиёт университетида ихтисослаштирилган таълим дастурларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинмоқда.
Марказни ишга тушириш муддатлари ҳали аниқланмаган, чунки улар «маъмурий келишувлар натижаларига кўра тузатилмоқда».
Ядровий тиббиёт тиббиётнинг энг инновацион йўналишларидан бири бўлиб, радиоактив изотоплар даволаш ва ташхисда қўлланилади. Уларнинг ёрдами билан шифокорлар онкологик касалликларни оддий томограф ҳали пайқамаган босқичда аниқлашлари мумкин.
«Росатом» тиббий хизматларнинг тўлиқ спектрини тақдим этиш учун ўзининг тиббий инфратузилмасини ривожлантирмоқда. Мақсад — Россия ва хориждаги беморлар учун ҳаётий тиббий технологиялар, асбоб-ускуналар ва дори воситаларининг мавжудлигини ошириш. «Росатом» ядровий тиббиёт соҳасида 50 дан ортиқ мамлакатлар билан ҳамкорлик қилади.