Қирғизистонда мопедлар, скутерлар, электрскутерлар ва бошқа шахсий ҳаракатланиш воситалари (ШҲВ) эгалари рўйхатдан ўтишлари ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олишлари талаб қилиниши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди, деб ёзади 24.kg.
Ҳужжатга кўра, 50 км/соат тезликка эришадиган ва двигател ҳажми 50 куб сантиметр ёки минимал қуввати 4 киловатт бўлган электр двигателга эга бўлган барча ШҲВларни рўйхатдан ўтказиш таклиф қилинади.
Камроқ қувватли электрсамокатлар учун ҳайдовчилик гувоҳномасининг алоҳида тоифасини жорий этиш таклиф қилинмоқда, уни 14 ёшдан бошлаб олиш мумкин. Мотоциклларни бошқариш қоидаси сақланиб қолинади – фақат 18 ёшдан ошган фуқароларга ушбу транспорт воситаларини бошқаришга рухсат берилади.
Шунингдек, ШҲВлар учун давлат рақам белгиларининг форматини тасдиқлаш, аввал республикага ҳужжатсиз олиб кирилаётган ускуналарни рўйхатдан ўтказишнинг соддалаштирилган тартибини яратиш, янги талаблар бўйича ахборот кампаниясини йўлга қўйиш кўзда тутилган.
Ташаббус муаллифи, Жогорку Кенеш (парламент) депутати Дастан Бекешевнинг тушунтиришича, ҳужжат мақсади — йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва шахсий ҳаракатланиш воситаларидан фойдаланишдаги ҳуқуқий бўшлиқни бартараф этишдан иборат. Сиёсатчининг аниқлик киритишича, шунга ўхшаш қоидалар Европа Иттифоқининг кўплаб мамлакатларида, шунингдек, Қозоғистон ва Ўзбекистонда амал қилади.
Қирғизистонда мопед ва шунга ўхшаш транспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш зарурлиги кўп йиллардан буён муҳокама қилинади, аммо кескин чоралар кўрилмаган. Маҳаллий ОАВ доимий равишда ШҲВ билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ҳақида хабар беради. Биргина шу йилнинг май ойида Бишкекда камида иккита шундай ҳодиса қайд этилган. Шаҳар марказида скутерда юрган йигит электромобил билан тўқнашиб кетган, яна бир скутер эгаси кекса аёлни уриб юборган.