Тошкент вилояти ҳокимлиги микро ГЭСлар қурилиши учун 6,5 гектардан ортиқ ер майдонини ажратди

rivers.help сайти фотосурати

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан микро ГЭСлар қурилиши учун умумий майдони 6,5 гектардан ортиқ бўлган 40 та ер участкаси ажратилди. Бу жойлар Ўзбекистон Энергетика вазирлиги тасарруфига ўтказилди, деб хабар беради вилоят ҳокимияти ўз сайтида.

Ҳокимлик қўшимча қилишича, бу жой шаҳар ва туманлар ҳудудида жойлашган ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларга тегишли. Келгусида тендер ўтказилади ва унинг натижаларига кўра гидротехника иншоотлари қурилиши ишониб топшириладиган ташкилот аниқланади. Ер участкалари ким ошди савдосида сотилади.

Пскент, Оҳангарон, Бекобод, Юқоричирчиқ, Бўстонлиқ, Қибрай, Чиноз, Бўка, Янгийўл, Зангиота туманларида, шунингдек, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод ва Чирчиқ шаҳарлари ҳудудида микро ГЭСлар қурилиши режалаштирилган.

Ҳокимлик қайд этишича, аввалроқ Тошкент вилояти раҳбари Зойир Мирзаев вилоятда 43 та микро ГЭС қуриш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Ушбу йирик лойиҳани амалга ошириш учун 264 та жой белгиланган.

Шу билан бирга, вилоятдаги 102 та субъектда кичик ГЭСлар барпо этиш учун майдонлар ажратилган. Айни пайтда бу ерларда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

ℹ️ Эслатиб ўтамиз, 2021 йили Ўзбекистон ҳукумати яқин беш йил ичида умумий қуввати 740 мегаватт бўлган ГЭСлар қуриш бўйича 21 та йирик лойиҳани амалга ошириш ниятида эканини маълум қилганди. Шу билан бирга, мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев тўғон қуришни талаб қилмайдиган кичик ГЭСлар қурилишига эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида гапирганди.

Республика раҳбари дарё ва каналлар бўйида жойлашган қишлоқларни электр энергияси билан таъминлаш учун қуввати 500 киловаттгача бўлган ихчам ГЭСларни барпо этиш имкониятларини ҳам кўрсатиб ўтганди. Бундан ташқари, бундай лойиҳаларни амалга ошираётган тадбиркорлар давлат томонидан имтиёз ва субсидиялар олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ