Самарқанд Ислом дунёсининг маданият пойтахти мақомини олди

Байроқни топшириш маросими. Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати фотосурати

Самарқанд шаҳри Ислом дунёсининг маданият пойтахти мақомини олди. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Ислом дунёсининг маданият пойтахти» рамзий байроғи ва ҳайкалчасини Республика Маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Самарқанд вилояти ҳокими Адиз Бобоевга Ислом олами таълим, фан ва маданият ташкилоти (IСESCO) раҳбари Салим ибн Муҳаммад Малик топширди.

Мазкур маросим «Ислом дунёси маданий мероси ва маданий ифодалари: хаттотлик, мусиқа, шеърият ва бирдамлик» форуми доирасида бўлиб ўтди.

ICESCO раҳбари, шунингдек, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказига (ИЦМ) ҳам ташриф буюриб, у ерда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Учрашувда ИЦМ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов меҳмонга Катталангар Қуръони каримининг факсимил нусхасини совға қилди.

2026 йили Қозон шаҳри Ислом дунёсининг маданий пойтахтига айланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ