Тўқаев криптовалютада товар ва хизматларни сотиб олиш учун CryptoCity зонаси яратилишини маълум қилди

akorda.kz сайти фотосурати

Қозоғистонда криптовалюта операциялари амалга ошириладиган CryptoCity инновацион пилот зонаси яратилади. Бу ҳақда Остона халқаро форумида (AIF) республика президенти Қосим-Жомарт Тўқаев маълум қилди, деб хабар беради Kursiv.kz.

«Биз CryptoCity инновацион пилот зонасини яратишни режалаштиряпмиз, у ерда криптовалюталарда товарлар, хизматлар ва бошқа нарсаларни харид қилиш мумкин», — деди Тўқаев.

У лойиҳани амалга ошириш саналари ёки бошқа тафсилотларни келтирмади.

Қозоғистонда криптовалюта операциялари энди қонуний равишда фақат Остона халқаро молия маркази (ОХММ) таркибида фаолият юритувчи криптобиржаларда амалга оширилиши мумкин. Ҳозирги вақтда ОХММда бир нечта крипто хизматлари, жумладан Binanceнинг маҳаллий бўлими ва Bybit биржаси рўйхатга олинган.

Жорий йил бошида Тўқаев эксперт маълумотларига таяниб, Қозоғистон крипто-инвесторларининг атиги 5 фоизи ОХММ платформасидан фойдаланишини, қолганлари эса «яширин зона»да ишлаётганини айтганди.

«Рақамли активларнинг янада кенгроқ ҳуқуқий айланиши учун инфратузилмани зудлик билан яратиш керак. Молиявий регуляторлар тегишли қонунчилик базасини шакллантиришни бошлашлари керак», — деганди Қозоғистон президенти ўшанда.

Май ойи охирида Миллий банк мамлакатда криптовалюталарнинг ишлашига имкон берувчи қонунчиликка ўзгартиришлар ишлаб чиқилишини эълон қилганди. Сотиб олиш мумкин бўлган активлар рўйхати тартибга солувчи орган томонидан белгиланади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ